Назарий ва амалий билимлар уйғунлиги таъминланмоқда
Мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси курсантлари ва тингловчиларининг ички ишлар органларида амалиёт ўташлари йўлга қўйилган. Республика ИИВ Академиясида ўқув жараёнига тажриба тариқасида татбиқ этилаётган дуал таълим талаблари асосида курсантларнинг назарий билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, касбий кўникмаларини шакллантириш мақсадида: Академия кундузги таълим 3-ўқув босқичи курсантлари пойтахт ИИББ таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмаларида амалиёт ўташди. Амалиёт даврида улар турли соҳаларнинг тажрибали ва малакали ходимларига бириктирилиб, “ходим ёрдамчиси” лавозимида ички идоравий ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалиёт дастурлари талабларини ўрганиш ва ўзлаштириш, билим юртида олган билимларини амалиётга татбиқ этиш жараёнида мураббийларнинг бевосита назорати ҳамда йўриқлари остида бўлишди. Шунингдек, шахсий хавфсизлик қоидалари ҳамда “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси”, ички тартиб қоидалари, махфийлик ва қонунчиликка қатъий риоя этишлари кабилар назоратдан четда қолмади. Курсант ва тингловчиларнинг ҳафталик иш фаолиятлари муҳокама қилиниб, улар йўл қўйган хато ва камчиликлар кўрсатилиб, уларни бартараф этиш бўйича тавсия ва маслаҳатлар бериб борилди. Амалиёт натижаларига кўра ҳар бир курсант бўйича қайднома варақалари, хизмат тавсифномалари тузилиб, билим юртида ўқув жараёнларини янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар қаторида амалиёт дастурлари ва шахсий иш режаларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида сидқидилдан ва виждонан бажарган курсантларга ташаккурномалар билдирилди.