Халқимизнинг, ҳар бир фуқаронинг манфаатларини ҳимоя қилиш, қонуний кафолатларини таъминлаш фуқаролик жамиятини яратишнинг пойдеворидир. Кейинги йилларда юртимизда ҳар бир соҳа ва йўналишда фуқароларнинг қонуний талабларини ўрганиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралаётгани қувонарли. Кўплаб юртдошларимиз ойлаб ечимини излаётган муаммолар, ўйлантираётган саволлари халқ қабулхоналари, раҳбарларнинг шахсий қабулларида тингланиб, қонуний ҳал этилмоқда. Пойтахт ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаевнинг навбатдаги шахсий қабули бугун ИИББ биносида ўтказилди.
Қабул жараёнида турли масалаларда жами 42 та мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг 7 таси жойида ижобий ҳал этилди, 15 таси бўйича тушунтириш берилиб, кўриб чиқиш қўшимча муддат талаб этадиган 20 та мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди.
Бу каби қабуллар аҳоли ва давлат органлари ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш, муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этишда муҳим қадам ҳисобланади. Ушбу тадбирлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини ошириш, жамиятда самарали ижтимоий шерикликни ривожлантиришга хизмат қилади.