Навбатдаги сайёр қабул Олмазор туманида бўлиб ўтди
Туманларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши фуқаролар учун катта қулайликлар яратиш баробарида аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Инновация маркази биносида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, шаҳар прокурори биринчи ўринбосари Анвар Урманов ва туман ҳокимлиги мутасаддиларининг аҳоли билан ўтказган сайёр қабули ана шу устувор вазифа ижросининг узвий давомидир. Қабул пойтахт аҳолисини ўйлантириб келаётган муаммоларига ечим топишга қаратилди. Очиқ мулоқот чоғида аҳолининг мурожаатлари ва саволлари тингланди ҳамда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.
Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, 4 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш илтимослари қаноатлантирилганлиги сабабли, уларга тантанали равишда ID карталар топширилди. Шунингдек, пойтахтимизнинг Олмазор тумани ИИО ФМБ Пробация хизмати ҳисобида турган жами 5 нафар фуқаролар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.
Бу каби қабуллар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.