Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳ туманлардаги криминоген вазият, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларни ўрганишда давом этмоқда. Пойтахтнинг аҳолиси кўп туманларидан бири Янгиҳаёт тумани бўлиб, сўнгги йилларда янги массивларнинг қурилиши билан аҳоли ва ижтимоий инфраструктура объектлар сони ҳам ошиб бормоқда. Бош бошқарма бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев, Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари полковник АнварЎрмонов, туман ҳокими Ҳаёт Иногамов ва бошқа мутасадди раҳбарлар ушбу туманга ташриф буюрди. Ишчи гуруҳнинг биринчи манзили туманнинг 4-сонли Ички ишлар бўлими бўлди. Мазкур бўлим тумандаги Бинокор, Янги Гулзор, Жалоир, Тошкент, Хушнуд, Хўжа Учқун ва Чортоқ маҳаллаларига хизмат кўрсатади. Жиноят содир этилган маҳаллалар сони 4 та бўлиб, “сариқ” тоифадаги маҳаллаларга киритилган. 3 та маҳаллада бирорта жиноят содир этилишига йўл қўйилмаганлиги сабабли “яшил” тоифадаги маҳаллалар ҳисобланади. Ҳудудда 72 та кўп қаватли уйлар ва 4 795 та якка тартибдаги хонадонлар жойлашган бўлиб, 34 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. 4-сонли ИИБ бошлиғи Бекмурод Исматов ишчи гуруҳга ҳудудда жиноятчиликни барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар тақдимотини қилди. Шундан сўнг ишчи гуруҳ “қизил” тоифага киритилган Файзли маҳалласига ташриф буюрди. Маҳалла ҳудудида 7 ой давомида 12 та жиноят қайд этилган бўлиб, шундан 7 таси олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар тоифасидан ҳисобланади. Маҳалла профилактика инспектори ҳудудда содир этилган ҳар бир жиноят, унинг сабаб ва шарт-шароитлари юзасидан ҳисобод берди. Бош бошқарма бошлиғи томонидан ҳудуддаги криминоген вазиятни яхшилаш борасида кўрсатма ва тавсиялар берилди. Файзли маҳалласи ҳудудида тумандаги энг йирик бозорлардан бири – “INDEX” савдо мажмуаси жойлашган бўлиб, ишчи гуруҳнинг кейинги манзили айнан шу ҳудуд бўлди. Мазкур савдо мажмуаси ер майдони 72 гектарни ташкил қилиб, 6 та кириш-чиқиш жойлари мавжуд. Ҳудудга икки нафар профилактика инспектори, ППХ, ЙПХ ва Қўриқлаш бўлими ходимлари бириктирилган. Ҳудудда 6 500 дан зиёд дўконлар мавжуд бўлиб, кузатув камералар ўрнатилган бўлсада, ушбу камералар сони дўконлар сонидан камлиги аниқланган. Ишчи гуруҳ томонидан видео-камералар сонини кўпайтириш ва тегишли камераларни Тошкент шаҳар ИИББ Ягона бошқарув марказига интеграция қилиш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек ишчи гуруҳ тумандаги ижтимоий объектга – Республика тери-таносил ва косметалогия илмий марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий филиалига ташриф буюрди. Ўрганиш жараёнида ушбу объект Қўриқлаш бўлими томонидан қўриқловга олинмаганлиги аниқланди. Объектни қўриқловга олиш ва ташвиш тугмасини ўрнатиш юзасидан тавсия берилди. Янгиҳаёт туманидаги 2-сонли ИИБдаги криминоген вазиятни ўрганиш жараёнида ушбу ҳудуддаги 4 та маҳаллада (Янги Чоштепа, Янги Дархон, Орият, Янги Ҳаёт) жиноят содир этилганлиги аниқланди. Ушбу маҳаллалар “сариқ” тоифага киритилган бўлиб, маҳаллаларга масъул раҳбарлар бириктирилган. 3 та маҳаллада (Ташаббус, Чоштепа, Янги Умид) жиноят содир этилишига қўл қўйилмаганлиги сабабли “яшил” тоифага киритилган. Бош бошқарма бошлиғи томонидан “сариқ” тоифадаги маҳаллаларни “яшил” тоифага ўтказиш юзасидан топшириқлар берилди. Тумандаги Қўриқлаш бўлими фаолияти ўрганилганда, бўлимнинг 7 ойлик фаолияти билан таништирилди. Шунингдек ишчи гуруҳ томонидан ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Ишчи гуруҳнинг сўнгги объекти туман ИИО ФМБ нинг янги қурилган маъмурий биноси бўлди. Мазкур бино аҳолига қулай ҳудудда жойлашган бўлиб, замонавий техник имкониятларга, ходимлар иш самарадорлигини ошириш учун барча шарт-шароитларга эга бўлиши режалаштирилган. Ишчи гуруҳ томонидан якунига етаётган таъмирлаш жараёнлари кўздан кечирилди. Якунда бош бошқарма бошлиғи томонидан барча масъулларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилиб, амалга ошириш муддатлари белгиланди. Бу каби ўрганишлар барча туманларда давом этмоқда.