Жорий йилнинг 10 август куни Тошкент шаҳар ИИББ биносида Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаевнинг навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтди. Қабул жараёнида 55 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўрганилди. Уларнинг айримлари шу жойнинг ўзида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди, 10 таси бўйича малакали ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб қиладиган 15 та мурожаатларнинг ижро муддатлари белгиланиб, назоратга олинди. Ички ишлар органлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган мурожаатлар мазмунига кўра: суриштирув ва тергов ҳаракатлари; мол-мулк ва пул маблағларини ундириш; ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, қайта тиклаш ва кадр йўналишига оид; оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликлар; Ўзбекистон республикаси фуқаролигини олиш кабиларни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг 5 ва 43-моддаларига мувофиқ, шахснинг Ўзбекистон республикаси фуқаролигига мансублигини аниқлаш тўғрисидаги хулосалар тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари бошлиқлари ёки вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан тасдиқланиши белгиланган. Ушбу тартибга мувофиқ қуйидаги шахсларнинг аризалари қаноатлантирилиб, улар Ўзбекистон республикаси фуқаролигига мансуб топилди ҳамда 1963 йилда туғилган Ҳ.Дилбар, 1990 йилда туғилган С.Рушана, 1996 йилда туғилган С.Сабиналарга ID карталари тантанали равишда топширилди.
Анча вақтдан буён ўйлантириб келаётган мазкур масаланинг тез ва осон ечим топилганидан фуқаролар ўз чуқур миннатдорликларини изҳор этишди.