Ҳали ҳаётнинг оғир-енгилини, машаққатларини бошидан кечириб улгурмаган Алпомиш – исмини қаранг-у қилмишига баҳо беринг – гўёки руҳан ва маънан қийналиб кетганлиги, муаммолар ва ташвишлар гирдобида сиқилиб бораётганини сабаб қилиб, уларни унутиш, нажот топиш мақсадида, гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга жазм қилди. Ҳаётини изга солгач, исталган вақтида ундан воз кечиши мумкинлигини хаёл қилган йигит борган сари жар ёқасига яқинлаша бошлади. Аслида ишлари юришмагани учун тушкунликка тушган, қийинчиликларга чидамаган, курашишга тоби йўқ одам, гиёҳвандлик тўрига тушгач, қандай қилиб ундан қутулиб кетиши мумкин?! Ўзига ортиқча баҳо берган Алпомиш вақт ўтиб, оғуни кўпроқ олиб, уни сотиш – шу орқали ўз эҳтиёжини ҳам қониқтиришни режа қилди.Тергов жараёнида у: “2023 йилнинг декабрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали админга чиқиб, ундан ўзимнинг истеъмолим учун деб гиёҳвандлик моддасига буюртма бердим. Локация бўйича Тошкент вилоятининг дала майдонига кўмиб қўйилган 10 гр моддани 2000 АҚШ долларига сотиб олдим. Админ борган сари нархини ошириб, бошқа-бошқа турдаги моддаларни ҳам тавсия қиларди. Сотиб олиш учун пулим йўқлигидан сотиб пул ишлашга, ўшанда ўзимнинг ҳам эҳтиёжимни қондиришим мумкинлигини ўйлаб, кўпроғига буюртма бера бошладим ”, деб кўрсатма берди. Ўша куни, яъни 2024 йилнинг 20 март куни соат 14.30 ларда Алпомиш мижозларига 9.54 гр ҳамда 0.35 гр икки турдаги “ажал уруғини” етказиб бериш мақсадида Учтепа тумани Боғобод маҳалласи бўйлаб кетаётганида туман ИИО ФМБ ходимларини кўриб оёқлари қалтирай бошлади. Улар яқинлашганда эса асаблари панд бериб, чўнтагидаги 23 дона алоҳида қадоқланиб, қора изолентага ўралган заҳри-заққумни ерга улоқтирганча қочишга уринди. Аммо абжир ходимлар томонидан ушланиб, ерга улоқтирган моддалари холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 2002 йилда туғилган, бўйдоқ, муқаддам судланмаган Ф.Алпомишнинг жиноий хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳванд моддалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан айбдор деб топди ва 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мазкур жиноят иши Учтепа туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Нурмуҳаммад Хўжаяровнинг иш юритувидан олинди.