Ёш кадрларнинг хизмат фаолиятини тез ўзлаштириши, кўникмаларни шакллантириш, мустақил тўғри қарор қабул қилиши ўқув жараёнларида амалиётни қандай ва кимнинг мураббийлиги остида ўтаганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Сўнгги пайтларда дуал таълимга яъни, назарий билимларни амалиёт билан биргаликда мустаҳкамлаб боришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Бу Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарорларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, Юртбошимиз томонидан “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунга яққол далилдир. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ички ишлар органларига етук мутахассислар етиштирувчи ўқув даргоҳи – республика ИИВ Академияси бакалавриати “Тергов фаолияти” таълим йўналишининг 2 ва 3-курсларида таълим олаётган талабаларнинг ҳудудий ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларида дуал таълим асосида амалиёт ўташлари йўлга қўйилган. Мана шундай назариётнинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги жараён жорий йилнинг 2 февралидан бошланди. Бўлғуси терговчиларга малакали, катта амалий тажрибага эга ходимлар мураббий сифатида бириктирилди. Мураббийлар курсантларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзлаштириш, назарий билимларини амалиётга тадбиқ этишини назорат қилиш қаторида ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси, ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилишларини ҳам баҳолаб борадилар. Бу жараён бўлажак ходимларнинг масъулиятини янада оширишда, билимларини амалда эркин қўллашда, тўғри қонуний қарор қабул қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Яна бир эътироф этадиган жиҳати, билим юртини битирган ҳар бир курсант мустақил ва етук ходим сифатида ички ишлар органлари сафига қўшилади.