16 Май 2025 йил 332

Муҳокамалар ўтказилди

Содир этилган жиноятларни таҳлил қилиш ва келгусида шу турдаги жиноятларга йўл қўймаслик мақсадида уларни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш амалиёти кенг давом этмоқда. Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ ва Яшнобод тумани ИИО ФМБ раҳбарияти ҳамкорлигида жорий йилнинг 12 май куни туманда содир этилган талончилик жиноятининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда “Тарновбоши” маҳалла еттилиги, фаоллари, мутасаддилар, муқаддам судланган ва профилактика ҳисобида турувчи шахслар иштирок этишди. Йиғилганлар содир этилган жиноят тафсилотлари билан таништирилгач, унинг муҳокамасига ўтилди. Жиноят содир этилишига олиб келган сабаблар, гумонланувчининг оиласи, хулқ-атвори, яшаш тарзи, маҳалла аҳлининг масъулияти, огоҳлиги билан боғлиқ мавзуларга доир саволлар ўртага ташланди. Йиғилганларнинг танқидий фикр-мулоҳазалари ҳам инобатга олинган ҳолда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича туман масъулларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида улар билан учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. ЖТСБ бошлиғи подполковник Б.Анваров Тошкент давлат транспорт университетида мана шундай учрашув ўтказди. Ўқув юрти маъмурияти, ўқитувчи ва талабалари билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда қатор мавзуларга тўхталди. Хусусан, талаба ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-маиший муаммолари, уларни ҳал қилиш йўллари масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, ёшлар орасида кенг тарқалаётган гиёҳвандлик ва психотроп воситалар билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатлар, ижтимоий тармоқлардаги маънавиятимиз, қадриятларимизга ёт, бузғунчи ғоялардан ҳимояланиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, киберфирибгарлик ва кибертаҳдидларга қарши кураш масалалари муҳокамасига кенг ўрин берилди. Ёшларнинг бу каби салбий ҳолатларга танқидий фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Мулоқот сўнгида Б.Анваров ёшларнинг кўплаб саволларига жавоб бериб, ёрқин ва бахтли келажакни яратиш ёшларнинг ўз қўлларида эканлигини таъкидлади.

Барча янгиликлар

Text to speech