22 Май 2025 йил 640

Муаммолар тингланди, ҳал қилиш чоралари кўрилди

Куни кеча пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Оқибат” маҳалла фуқаролар йиғинида Тошкент шаҳар ИИББ ва Тошкент шаҳар прокуратураси, шаҳар ҳокимлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари билан ҳамкорликда сайёр қабул ўтказилди. Қабулда иштирок этган шаҳар бўйича пробация рўйхатида турувчи 40 нафар аёлларнинг муаммо ва илтимосномалари ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар жараёнида 14 нафар аёлларга ҳуқуқий тавсиялар берилди, 16 нафаринининг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди, 6 нафарининг бандлиги таъминланди. 4 нафарининг саломатлиги билан боғлиқ муаммолари юзасидан даволаниш учун тиббий йўлланмалар ажратилди.

Жумладан, Бектемир тумани ИИО ФМБда Пробация хизматида назоратда турувчи 1974 йилда туғилган У.Дилфуза суҳбат чоғида саломатлиги билан боғлиқ муаммолари бўйича жарроҳлиқ амалиёти ўтказилиши зарурлиги, бироқ моддий қийинчиликлари туфайли даволаниш имкони йўқлиги, бундан ташқари 20 йилдан бери оиласи билан ижарада туриши, уй-жойга муҳтожлигини баён қилди. Ўрганишлар натижасига кўра унинг даволаниши учун моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланиб, уй-жой масаласини ҳал қилишда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Юнусобод тумани “Ҳусниобод” маҳалласида яшовчи, туман пробация ҳисобида турувчи, 1997 йилда туғилган, тўртинчи фарзандини кутаётган С.Робиянинг ишга жойлаштириш бўйича мурожаати атрофлича ўрганилди. Унинг айни пайтдаги ҳолати инобатга олиниб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси масъул ходимлари томонидан Юнусобод туманида жойлашган мактабларнинг биридаги кутубхоначи бўш лавозимига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, бир ярим ёшли бемор фарзандининг соғлиғини тиклаш масаласидаги илтимосномаси эътиборга олиниб, ўғлининг даволаниши учун бепул тиббий йўлланма топширилди.
Бу каби инсон омилига эътибор, инсонийлик ёрдам қўлини чўзиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишлар кўлами янада кенгайтирилиб, даврий давом эттириб борилиши шубҳасиз.

Барча янгиликлар

Text to speech