10 Феврал 2026 йил 233

Мирзо Улуғбек туманида сайёр қабуллар

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Бешкапа” маҳалла марказида туман ҳокими Баходир Ғоибназаров ва туман ИИО ФМБ бошлиғи Искандарбек Рашидовнинг маҳалла аҳолиси билан сайёр қабули бўлиб ўтди. Унда маҳалла аҳлининг маҳалла тақдирига дахлдор масалалари, коммунал соҳа ва ижтимоий ёрдам йўналишларидаги мурожаатлари тингланди. Фуқароларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, мурожаатларнинг ижроси назоратига олинди. “Шаҳрисабз” маҳалла фаоллари, “еттилиги” иштирокида ўтказилган учрашувда эса маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, маиший ва коммунал муаммоларни ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, маҳалла нозирларига яратилган шароитлар, уларнинг иш тартиби масалаларига эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Туманда жойлашган “Алишеробод” маҳалласида ўтказилган шу каби тадбир сайёр қабулга уланиб кетди ҳамда фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Туманнинг “Аҳмад Югнакий”, “Ялонғоч” маҳалла марказида ўтказилган сайёр қабулларда ҳам фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.Мурожаатларга қонуний ечим топиш борасида масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси назоратига олинди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш мақсадида тумандаги бир қатор маҳаллаларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёни текширилди. Ўрганишларда қурилиш ташкилотлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Пиёдалар йўлаги, кўп қаватли уйлар фасад қисми, яшил майдонлар, болалар майдончаси ҳамда қаровсиз ҳолатга келиб қолган ҳудудлар бўйича танқидий мулоҳазалар билдирилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилот ва раҳбарларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди. Туманда жойлашган “Наврўз” деҳқон бозорида олиб борилаётган қурилиш жараёнлари билан танишиш чоғида бозор ҳудудидаги савдо расталари, маҳсулот нархлари ҳамда санитария-гигиена ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Масъуллар томонидан бозор инфратузилмасини янада яхшилаш, фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди. Шунингдек, кўча савдоси билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилиниб, ноқонуний савдо ҳолатларининг олдини олиш юзасидан тегишли ташкилотларга аниқ топшириқлар юклатилди. Ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиши ва қатъий назорат остида бўлиши таъкидланди. Мазкур ўрганишлар аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, бозорлар фаолиятини тартибга солиш ҳамда қиёфасини янада кўркамлаштиришга хизмат қилади. Туманда жойлашган хусусий мактаблар раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда хусусий таълим муассасаларининг фаолияти, ўқув жараёнининг сифати, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Юқори синф ўқувчиларининг давомади, хулқи ва таълим сифатини кучайтириш масалаларига урғу берилди. Шу билан бирга мактабларда видеокузатув камераларининг ўрнатилгани, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар муҳокама этилди. Учрашув якунида таълим муассасаларида хавфсиз ва соғлом муҳитни таъминлаш, ўқувчилар билан индивидуал ишлаш ҳамда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech