Республикамиз Президентининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, куни кеча туман ИИО ФМБ Пробация рўйхатида турувчи хотин-қизлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда туман прокурори, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, ИИО ФМБ Пробация бўлими, Тиббиёт бирлашмаси, Адлия бўлими, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими масъуллари иштирок этишди. Тадбирда хотин-қизлар билан якка тартибда суҳбатлашилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шу тадбир доирасида туман ИИО ФМБ бошлиғи И.Рашидов томонидан туманнинг “Шаҳрисабз” маҳалласида саф йиғини ўтказилди. Унда Республика ИИВ Академияси ўқитувчилари ва курсантлари, “ Марказ-1” манзилида фаолият олиб бораётган маҳалла профилактика инспекторлари иштирок этишди. Йиғилганлар олдига “Шаҳрисабз” маҳалласини жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш, бу борада жиноятларни барвақт аниқлаб олдини олиш, “ташвиш” тугмаларини ўрнатиш, гиёҳвандликка қарши ва бошқа турдаги жиноятларнинг олдини олиш борасида тарғибот ишларини жадаллаштириш масалалари қўйилди. Шунингдек, фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш, низоли, нотинч оилаларни аниқлаб, туб сабабларини ўрганиш ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида сўз юритилди ҳамда шахсий таркибга тегишли топшириқлар берилди.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ижтимоий муҳитни яхшилаш мақсадида, туман ҳокимлиги, ИИО ФМБ ҳамда Тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ичкиликка ружу қўйган ва ички ишлар органлари рўйхатида турувчи шахслар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Малакали мутахассислар томонидан мазкур шахсларнинг саломатлигига тиббий баҳо берилди. Шунингдек, иштирокчиларга спиртли ичимликларнинг инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига салбий таъсири тушунтирилди. Профилактик тадбир жараёнида ичкиликнинг оқибатлари, оилавий муҳит ва жамоат хавфсизлигига таъсири юзасидан мутасадди ташкилотлар томонидан бундай шахсларни ижтимоий мослашуви, зарур ҳолларда даволанишга йўналтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ҳамкорликдаги тадбирлар келгусида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда соғлом муҳитни қарор топтиришга хизмат қилади.
Ушбу тадбирларнинг узвий давоми сифатида д.Менделеев номидаги Кимё-технология университетида “Гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги” доирасида тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.Унда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, талабалар ва умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирок этишди. Иштирок этган 300 дан ортиқ ёшларга мутахассислар томонидан гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари, фожиали якуни ҳақида маълумотлар тақдим этилиб, видеоролик намойиш этилди. Тумандаги 18-умумтаълим мактабида ўтказилган гиёҳвандликка қарши курашиш мавзусидаги худди шундай тадбирда туман ҳокимлиги вакиллари, ички ишлар органлари ходимлари, “Асака” маҳалла масъуллари ҳамда мактаб ўқувчилари қатнашишди.
Туман ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт аниқлаб олдини олиш мақсадида, профилактика инспекторлари ва ёшлар етакчилари ҳамкорлигида тунги рейд ўтказилди. Тунги вақтда турли ҳудудларда назоратсиз юрган вояга етмаганларни аниқлаш, интернет, тунги клубларида бўлиш, алкоголь, тамаки маҳсулотлари дўконларида ёшлар билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилди.