Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Отабек Хаджаевнинг навбатдаги қабулига кўплаб фуқаролар ташриф буюришди. Юзма-юз мулоқот давомида фуқаролар ижтимоий масалалар, оилавий низолар, фирибгарлик ҳолатлари билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар қилишди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаатлари ўрганилиб, тегишли соҳа ходимларига муайян топшириқлар берилди, айримлари эса жойида ҳал этилди. Мурожаатларда келтирилган важ-сабабларни ўрганиш вақт талаб қиладиган мурожаатлар устидан назорат ўрнатилиб, ижрога олинди. Мисол учун, фуқаро А.Сабирова ўз мурожаатида оила аъзолари билан мол-мулк бўлинишига доир келиб чиққан жанжал юзасидан чора кўришни сўради. Ҳолат ўрганиб чиқилиб, туман ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари ва ҳудуд профилактика инспектори томонидан шу куннинг ўзида терговга қадар текширув ишлари олиб борилди. Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига юборилди ва гумонланувчи шахсга нисбатан маъмурий чора кўрилди. Қабул сўнггида туман фуқароларининг мурожаатларини доимий равишда эшитиш, ўрганиш, қонуний равишда ҳал этиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар самарасини ошириш белгилаб олинди.