20 Январ 2026 йил 1738

“Миграция профилактикаси” ойлиги кундалигидан

Ўзбекистон республикаси Президентининг “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон республикасидан ташқарига чиқувчи ва республика ҳудудига кириб келувчи шахсларнинг аниқ ҳисобини юритиш имконини берувчи ягона идоралараро интеграциялашган электрон маълумотлар базасини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг ички ишлар органлари томонидан самарали ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 1-январидан 30-январига қадар Тошкент шаҳар ИИББда “Миграция профилактикаси” махсус тезкор профилактик тадбирлар ойлиги ўтказилмоқда.

Ойлик жараёнида меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлашга жалб қилинган ходимларга аввало, мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, уларнинг тўла-тўкис ижросини таъминлаш бўйича махсус йўриқномалар берилди. Хусусан, маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, узоқ муддатга чиқиб кетган ва қайтиб келган шахсларни аниқлаб, қайд этиш, ўрганилаётган хонадонларда профилактик ҳисобда турган шахслар билан профилактик-огоҳлантирув жараёнларини пухта ва аниқ олиб бориш, уларнинг муаммоларига эътибор қаратиб, фойдали меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди. “Ягона миграция” автоматлаштирилган электрон базасидан олинган маълумотларга кўра, бугунга қадар Тошкент шаҳрида яшовчи 185.500 нафар шахслар узоқ муддат хорижда қолаётганлиги, 26.234 нафар фуқаро эса яшаш манзилларига қайтиб келганлиги аниқланди. Жойларда профилактика инспекторлари томонидан 6.200 нафар фуқаролар билан фильтр-сўровлар, тўрт мингга яқин шахсларнинг оила аъзолари, 2333 нафари билан ижтимоий тармоқлар орқали онлайн, 3788 нафар шахслар билан юзма-юз суҳбатлар олиб борилган. Бир ярим мингга яқин шахсларга маҳалла “еттилиги” аъзолари бириктирилиб, 2277 шахс тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бирга вояга етмаганларни хорижий давлатларда қолдириш қонуний жавобгарликка олиб келиши юзасидан фарзандлари ёки яқинлари хорижда бўлиб турган, уларни яшаш манзилига қайтариш бўйича 245 нафар ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи васий шахслар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида бир нафар вояга етмаган фарзандини хорижда қолдириб келган шахс аниқланиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47 прим. 6-моддаси бўйича чора кўрилди. Меҳнат миграцияси орқали хорижда юрган фуқаролар томонидан содир этилиши эҳтимоли бўлган жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида, 11 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари олиб борилди. Хорижга кетиш истагида бўлган бир ярим мингдан ошиқ фуқароларга ижтимоий тармоқлар орқали огоҳлантиришлар берилиб, якка тартибда тушунтириш ишлари юритилди.

Ҳамшаҳарларимизнинг хорижга чиқиш, ўзга юртда дуч келиши эҳтимоли бўлган қийинчиликлар ҳамда оворагарчиликлар, ҳақ-ҳуқуқлари бузилишларидан асраш, бегона юртда бўлиш тартиб-интизоми ҳақида тушунчалардан хабардор этиш мақсадида 9410 та буклет ва флаерлар тарқатилди. Бу борадаги ишлар пойтахтимизнинг Олмазор, Учтепа, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур ва Мирзо Улуғбек туманлари ИИО ФМБ ҲПБ ходимлари томонидан уюшқоқлик ҳамда жадал равишда амалга ошириб келинмоқда. Мазкур тадбирларнинг кенг кўламда олиб борилиши пойтахтимиз аҳлининг ўз ватанларида, оила бағрида, фарзандлари даврасида яшаб меҳнат қилишлари, фарзандлар таълим-тарбияси билан шуғулланишлари, билим ва кучларини ватан равнақи учун сарф этишлари борасида чуқур мулоҳаза юритиш ва тўғри хулоса чиқаришга хизмат қилиши, табиий.

Барча янгиликлар

Text to speech