11 Январ 2022 йил 1523

МЕТИН ИРОДА ВА БАРДОШ КЕРАК

Подполковник Мамлакат Шокирова қарийб 28 йилдан буён Чилонзор тумани ИИОФМБда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси йўналишида хизмат қилиб келади. Юқорида айтганимиздек, унинг фаолияти, айнан хотин-қизлар, уларнинг дарди, ташвиши ва муаммоси теграсида кечади.

Бугун ҳам у эрта тонгдан ишга отланар экан, кеча охирига етказа олмаган юмушларию бугун қилиши лозим бўлган ишларни хаёлидан ўтказди. Хонасига кириб, хизмат дафтарига кўз югуртирди. Бугун соат 10:00да «Бешқўрғон», ундан кейин «Бектўпи» маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул бор. Тадбирга тайёргарлик кўриб бўлгач манзил томон йўл олди.

«Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда зарур тушунчалар бериш мақсадида ташкил этилган иккала маҳалладаги сайёр қабулда ҳам туман ИИОФМБ ҲПБ ҳамда «Ипотека банки» АТИБнинг Чилонзор филиали ходимлари қатнашди. Кимдир уй-жой сотиб олиш, яна кимдир пенсия масаласида мурожаат қилди. Саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтаришди. Шунингдек, яна ижтимоий ҳимоя, бандлик, алимент ундириш ва бошқа масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Тадбир якунида тегишли мурожаатлар юзасидан вазифалар белгилаб олиниб, назоратга олинди.

Йиғилишдан чиққан М. Шокирова мурожаат юзасидан Чилонзор тумани 3-Катта Чилонзор маҳалласида яшовчи, «Аёллар дафтари» рўйхатида турувчи М. Г.нинг хонадонига ташриф буюрди. Ҳозирги кунда унинг турмуш ўртоғи жиноят содир этганлиги учун жазони ижро этиш муассасасида эканлиги сабабли, 4 нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбияламоқда. Битта фарзанди аутизм касаллиги билан ногирон бўлиб қолган. Шунинг учун ушбу оилага иқтисодий ва ижтимоий кўмак бериш масаласини дафтарига қайд этиб қўйди.

Подполковник М. Шокирова яна хизмат хонасига қайтиб келди. Дилобод маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган ёш жувон У. Ж. турмуш ўртоғи Н. М.нинг устидан арз қилганлиги юзасидан мурожаатини кўриб чиқиш учун эр-хотин иккаласи шу пайтга чақиртирилган эди. Унинг турмуш ўртоғи билан аёлнинг нозик хилқат эканлиги, оила муқаддаслиги борасида суҳбатлашди. Келгусида яна шу ҳолат такрорланса, қонунда кўрсатилганидек, маъмурий жазо қўллашга мажбур бўлиши мумкинлигини уқтирди. Аёлга эса ҳимоя ордери берилди.

Шу тариқа, куннинг ярми ҳам ортда қолди. Тушликдан сўнг зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган давра суҳбатида қатнашиш учун Боғзор маҳалласига йўл олди. «Зўравонликка қаршимиз» мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида маҳалла кексалари, фаоллари ва ёшлар иштирок этди. Лавҳамиз қаҳрамони туман миқёсида зўравонликка учраётган аёллар тўғрисида маълумот бериб, уларнинг ҳуқуқи қонун билан қатъий ҳимоя қилиниши тўғрисида гапириб ўтди. Тадбирда кексалардан ҳам вакиллар чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Мамлакат опа оилада ҳам она, ҳам буви. Унинг уч нафар фарзанди бор. «Данагидан мағзи ширин» деганларидек, уч нафар неварасининг суюкли бувижониси. Турмуш ўртоғи вафот этганидан кейин ҳам ота, ҳам она сифатида оиланинг суянган тоғи бўлиш унинг зиммасида.

Подполковник Мамлакат Шокированинг бугунги куни ҳам самарали ўтди. Уни эртага яна одамларнинг дарди, ташвиши ва муаммосини ҳал этишдек масъулиятли вазифа кутиб турибди. Бу эса дунёдаги энг хайрли ишлардан биридир.

 

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.

Икром ҲАСАНОВ олган сурат. Тошкент шаҳри. 

Барча янгиликлар

Text to speech