20 Май 2025 йил 695

Мерганлар мусобақаси

Ички ишлар органлари ходимларининг маънавий-маърифий дунёқарашини шакллантириш қаторида уларнинг касбий ва жанговар тайёргарлигини такомиллаштириб бориш ҳам катта аҳамиятга эга. Ходимларнинг кўникма ва маҳоратларини мунтазам равишда ошириб боришлари учун пойтахт ИИББда барча шарт шароитлар яратилган. Уларнинг жанговар тайёргарлигини баҳолаш, энг моҳир ва намуна бўлувчи ходимларни аниқлаш мақсадида соҳа ходимлари ўртасида мусобақалар ўтказиш йўлга қўйилган. Тошкент шаҳар “Динамо” Жисмоний тарбия ва спорт кенгашининг ХХХIV-спартакиадасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия “Қўриқлаш” бошқармаси, шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Бош бошқарма таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари ўртасида ўқ отиш бўйича мусобақа ўтказилди. Унда15 та терма жамоаларни ташкил қилган юздан ортиқ ходимлар ғолиблик учун беллашишди. Икки босқичда ўтказилган мусобақа давомида ходимлар: 1-босқичда “Макаров” пистолетидан нишонга ўқ узиш, 2-босқичда “Калашников” автоматидан узоқ масофага ўқ узиш шартларини бажаришди. Ушбу беллашувларда эркак ва аёл ходимлар фаол иштирок этиб, ўзларининг жанговар тайёргарлиги, тезкорлиги ва руҳий қатъиятларини амалда намоён этишди. Иштирокчиларнинг ҳар бир ҳаракатлари масъул мутахасссислар томонидан адолатли ва холис равишда баҳоланиб борилди. Беллашувлар якунига кўра яккалик баҳслари бўйича аёл ходималар ўртасида: 1-ўрин Тезкор бошқарув маркази ходими, сафдор Лобар Раҳмоновага, 2-ўрин ЙҲХБ сафдор ходими Хуршида Джалиловага, 3-ўрин Чилонзор тумани ИИО ФМБ ходими катта лейтенант Шаҳризода Наримоновага насиб этди. Эркак ходимлар ўртасидаги беллашувларда: 1-ўринни Сергели тумани ИИО ФМБ ходими лейтенант Рамзиддин Заҳриддинов, 2-ўринни Учтепа тумани ИИО ФМБ ходими, подполковник Тимур Камилов, 3-ўринни ППХБ ходими сафдор Диёриддин Мамасиддиқов эгаллади.

Профессионал ходимлар ўртасида ўтказилган баҳсларда 1-ўринга подполковник Хуршид Тўрабоев (ТВБСБ), 2-ўринга катта сержант Собиржон Зоҳидов (ТВБСБ), 3- ўринга катта сержант Канат Тохтамуратов (ТВБСБ) лойиқ деб топилди. Умум жамоа ҳисобида эса 3-ўринни Бош бошқарма ППХБ, 2-ўринни Бош бошқарма ЙҲХБ ҳамда биринчи ўринни Учтепа тумани ИИО ФМБ терма жамоалари эгалладилар. Мусобақа ғолибларини ғалаба билан қутлаб, уларнинг маҳоратларини олқишлаб, ишларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Барча янгиликлар

Text to speech