6 Декабр 2022 йил 2008

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари бошпанасиз совуқда қолган одамларни музлаб қолишдан қутқариб қолдилар

Сўнгги кунларда пойтахтимизда нафақат кечқурун, балки кундузи ҳам ҳаво ҳарорати совуқ бўлмоқда. Бундан эса тақдир тақозоси билан бошпанасиз қолган одамлар қийналмоқдалар. Шунингдек, кечаси ҳаво ҳарорати кескин пасайишига қарамай, ИИО ходимлари хизмат фаолиятларини давом эттириб келмоқдалар. Жумладан, Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари ходимлари, профилактика инспекторлари уйларнинг ертўлаларидан, теплотрассалардан, кўп қаватли уйлар подъездларидан бошпанасиз ҳамда доимий яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларни излаш тадбирларини ўтказмоқдалар. Ўтган кун давомида доимий яшаш жойига эга бўлмаган 25 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди. Ходимлар томонидан уларга иссиқ чой ва таом берилиб, Тошкент шаҳар ИИББ Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди. Улардан баъзиларига шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилди.
Жумладан, Юнусобод туманида ППХ ходимлари томонидан совуқдан қийналиб, иситиш қувури устида ўтирган номаълум эркак аниқланган. Фуқаро зудлик билан Юнусобод тумани ИИО ФМБга олиб борилди. Сўнгра унга иссиқ чой ва таом берилиб, шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, Алгоритм мавзесидаги автобус бекатида ИИО ходимлари маст ҳолатда ухлаб ётган номаълум эркакни аниқладилар. Зудлик билан чақирилган тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, у музлаб қолмаслиги учун Учтепа тумани ИИО ФМБга етказилди.
Чилонзор 11-мавзеда жойлашган кўп қаватли уй олдидаги бетон йўлакда номаълум эркак ётганлиги аниқланган. Суриштирувлар давомида унинг доимий яшаш жойи йўқлиги маълум бўлди. Фуқаро зудлик билан Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилди. Сўнгра унга иссиқ чой ва таом берилиб, шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилди.
Юнусобод тумани “Мингчинор” маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, кўп қаватли уй ҳовлисидаги пиёдалар йўлагида, қор устида номаълум эркак ётганлигини маълум қилган. Воқеа жойига етиб келган ППХ ходимлари эркакнинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаб, уни ҳушига келтирмоқчи бўлдилар ва тез тиббий ёрдам бригадасини чақиртирдилар. Кучли совуққотган фуқаро зудлик билан касалхонага олиб борилганлиги сабабли, ҳаёти сақлаб қолинди.
Бундай мисоллар жуда кўп. Aна шундай кунларда халқ манфаати йўлида хизмат қилаётган пойтахт ички ишлар органлари ходимларининг матонати яққол кўзга ташланмоқда.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Aгар сиз бошпанасиз қолган ва кўчада ёрдамга муҳтож бўлиб музлаб қолаётган фуқарони кўриб қолсангиз, ички ишлар органларининг 102 рақамига хабар беринг ёки бевосита яқин атрофда хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимларига мурожаат қилинг.

Барча янгиликлар

Text to speech