Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида спортнинг мавжуд турларига эътибор қаратиш, ривожлантириш баробарида барча соҳа вакилларини жалб этиш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиш кабилар белгиланган.
Пойтахт ИИББ шахсий таркиби орасида хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш билан бирга спорт турлари билан профессионал даражада шуғулланиб, юртимиз ҳамда ички ишлар органлари шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ходим – спортчиларимиз талайгина. Улардан бири: Яшнобод тумани ИИО ФМБ Эксперт-криминалистика бўлими эксперти Исроилжон Шокаримов жорий йилнинг 15 майидан 19 майига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида Армрестлинг федерацияси томонидан ташкиллаштирилган халқаро турнирда иштирок этди. Унда дунёнинг турли давлатларидан юздан ортиқ кучли, профессионал спортчилар қатнашиб, ғолиблик учун кескин ва шиддатли кураш олиб боришди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, спорт устаси Исроилжон Шокаримов қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда ўзининг тажрибаси ҳамда қатъиятини намойиш этиб, чап қўл баҳсларида фахрли учинчи ўринни эгаллаб бронза медалига, ўнг қўл баҳсларида спортчиларнинг орзуси бўлган фахрли биринчи ўринни эгаллаб олтин медалга сазовор бўлди. Бу ғалабаси билан спортчимиз жорий йилнинг сентябрь ойида Болгария давлатида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
Ишонамизки, Исроилжон Шокаримов зиммасига юклатилган бу масъулиятни муваффақиятли бажариб, юртимиз, ички ишлар органлари ходими шаънини дунё миқёсида юқори чўққиларга кўтариб, довруғини оламга ёяди. Ҳамкасбимизни медаллар шодаси билан қутлаб унга келгуси беллашувларда омад ва зафарлар ёр бўлишини самимий тилаб қоламиз.