Шохруҳ йўлларда турли русумдаги бири-биридан чиройли, ҳашаматли автомашиналарни кўрганида ортидан суқланиб, кимнингдир қўлида қиммат уяли телефонни кўрганида кўзлари ёниб, маҳалласидаги дабдабали уйларни кўрганида ичи куйиб қарар, ҳар бирига эга чиққиси келарди. Бунинг учун эса пул керак, пулни топиш учун эса меҳнат қилиш керак, меҳнат эса йилларни талаб қиларди. Унга эса ҳозир керак. Боз устига иссиқда, қор-ёмғирда, эртадан кечгача ишлашга тоби йўқ. У узоқ ўйланмади. Ўзига тегишли уяли телефони имкониятларидан фойдалангиси келди. Ижтимоий тармоқларни кузата туриб, электрон тартибда хорижий давлатларга авиачипта сотиш билан шуғулланувчи гуруҳга кирди. Йўналишлар бўйича буюртмаларнинг кўплиги уни ҳайрон қолдириш билан бирга жуда қулайлиги, яъни кўчага чиқмай, мижозни кўрмай иш юритиш унга қўл келди. 2023 йилнинг 1 март куни “Лондон-Тошкент” йўналиши бўйича 3 дона авиачипта сотиб олиш билан мурожаат қилган Э.Мавлуда билан боғланиб, ўзини чипта сотувчи сифатида таништириб, арзон ва тезлашган тартибда чипта топиб беришга ишонтирди ва 7.966.000 сўмни пластик картасига ўтказишга эришди. 13 март куни “Истамбул-Тошкент” йўналиши бўйича сафарга отланган Ғ.Жамолга юқоридаги хизматни таклиф қилиш орқали 3.650.000 сўмини ўзлаштирди. Сири фош бўлишидан хавотирланган “чиптачи” бир муддат “фаолиятини” тўхтатиб туришга қарор қилди. Ҳаммаёқ тинчлиги, эшигини тақиллатиб ички ишлар ходимлари келмаганидан хотиржам тортиб, 14 июнь куни “Тошкент-Москва” йўналиши бўйича учмоқчи бўлган И.Собиржон билан боғланди ва юқоридаги холис хизматини таклиф қилди. Унинг ишончига кириб 3.570.000 сўмини ўзлаштирди. Бироқ кўринмас “чиптачи” қанчалик махфийлик чорасини кўрмасин у аллақачон ички ишлар ходимлари, аниқроғи пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш тизими ходимларининг “тўрига” тушган эди.
Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани суди очиқ сайёр суд мажлисида 1999 йилда туғилган, вақтинча ишсиз бўлган Б.Шоҳруҳнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандларида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топди. Айбланувчининг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, муқаддам судланмаганлиги инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Ферузбек Султоновнинг иш юритувидан олинди.