6 Январ 2022 йил 1480

Мақсади юксакнинг – қадами шахдам

Катта лейтенант Абдуллажон Жаннатолиев Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ 1-бўлимида катта инспектор лавозимида фаолият олиб боради. Келгусида катта мақсадларга эришишни кўзлаган ходим, ёш бўлишига қарамасдан тенгқурларига ҳам ўрнак бўлса арзигулик ишларни амалга оширмоқда. Шунинг учун бўлса керак унга ИИББ ҲПБ аппарати ёшлари етакчиси вазифаси ҳам ишониб топширилган.

А. Жаннатолиев пойтахт миқёсида «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан профилактик ҳисобга олиш ва юритиш ишларини олиб боради.

У 2021 йилнинг ўтган 11 ойи давомида ҳамкасблари билан ҳамкорликда 150 дан зиёд фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиб, жойлардаги инспекторга амалий ёрдам берди.

Жумладан, Шайхонтоҳур туманида яшовчи фуқаро Ў. А.нинг мурожаати бўйича суриштирув ва текширув ишлари олиб борилди. Маълум бўлишича Ў. А. собиқ турмуш ўртоғи Ш. Н. томонидан зўровонликка учраган, дугоналари олдида обрўсизлантирилган. Ҳолат юзасидан хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор, ҳудуд профилактика инспектори, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда фаоллари ҳамкорлигида тушунтириш ишлари олиб борилиб, профилактик суҳбат ўтказилди. Шундан сўнг, фуқаро Ш. Н. собиқ турмуш ўртоғининг келгуси ҳаётига аралашмаслиги, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Жабрланган Ў. А. бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, у қонун ҳимоясида эканлигидан миннатдор бўлди.

Шунингдек, Учтепа туманида яшовчи фуқаро Д. Ҳ. ўз турмуш ўртоғи С. Ю. томонидан тазйиқ ва зўравонликлар ўтказаётганлиги бўйича мурожаат қилган. Учтепа туман ИИОФМБ 2-сон ИИБнинг ҳудуд бўйича профилактика инспектори, хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор ҳамда маҳалала фаоллари билан ҳолат ўрганиб чиқилиб, унга “Ҳимоя ордери” берилди.  Фуқаро С.Ю.га нисбатан эса қонуний чора кўрилиши таъминланган.

Ички ишлар органларидаги фаолиятини 2017 йил Учтепа туман ИИОФМБ ҲПБ профилактика инспекторлигидан бошлаган. 2019 йилдан ҳозирги эгаллаб турган лавозимида хизмат қилиб келмоқда. Фаолияти давомида юқорида шоҳиди бўлганингиздек, фуқаролар мурожаатларини ваколат доирасида кўриб чиқиб, ижобий ҳал қилиш билан биргаликда, жойлардаги профилактика инспекторларига хизмат фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларини бартараф этишда амалий ёрдам бериб келмоқда.

Бундан ташқари, ёшлар етакчиси сифатида турли тадбирларда, спорт мусобақаларида қатнашиб келмоқда. Бўш вақти бўлганда, нафақат соҳага доир китоблар, балки ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдона асарларини севиб мутолаа қилади. Унинг бу китобхонлиги пойтахт миқёсидаги ички ишлар органларининг ёш ходимлари ўртасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал билимдонлар ўйинида ҳам қўл келди.

Мақсади юксакнинг қадамлари ҳам шахдам бўлади. Катта лейтенант Абдулла Жаннатолиев бу йўлда натижага эришиш учун тиним билмай изланиб, меҳнат қилмоқда. Кун келиб унинг орзулари албатта рўёбга ошажак.

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.

Барча янгиликлар

Text to speech