Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15 апрелидан 15 майига қадар республикамиз бўйлаб “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда. Тадбирдан мақсад: жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соғлом ва баркамол келажак авлодни тарбиялаш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, маданиятини юксалтиришга қаратилган. Мазкур тадбир жойларда ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, соғлиқни сақлаш, маҳалла “еттилиги” ҳамда фаоллари, масъуллар ҳамкорлигида амалга ошириб келинмоқда. Шундай тарғибот тадбирларидан навбатдагиси пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган 289- ҳамда 358-сонли умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди. Унда туман ИИО ФМБ бошлиғи У.Назаров, туман прокурори С.Мухторов, маҳалла “еттилиги”, фаоллари, мактаблар маъмурияти ва ўқувчилари иштирок этишди. Ўқувчилар олдида сўзга чиққанлар жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабабларини атрофлича муҳокама қилиш баробарида ижтимоий тармоқлардаги турли хил қадриятларимизга ёт ғоялардан эҳтиёт бўлиш, ҳар бир тақдим этилаётган маълумотларга ишонавермаслик, шунингдек, гиёҳванд моддалари савдосига аралашиб қолмаслик, гиёҳванд моддалари, психотроп, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг инсон руҳияти ҳамда яшаш тарзига зарари, мудҳиш оқибатлари ҳақида ҳаётий мисоллар орқали тушунтириш ва огоҳлантиришлар беришди. Учрашув қатнашчилари билан савол-жавоблар сўнггида жиноятлар профилактикаси, ёшлар тарбиясига эътибор, маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикрлар алмашинилди ҳамда тегишли тавсия ва таклифлар берилди.