12 Август 2025 йил 418

Маҳаллаларда ижобий бурилишлар жараёни

Жамият шаклланишида маҳалланинг ўрни беқиёс. Маҳалла тинч-юрт тинч, деб бежизга айтилмаган. Қайси маҳаллада зиёли, маърифатли, маданиятли кишилар кўп бўлса, шу маҳаллаларда тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат каби одамийлик хислатлари бошқаларга ўрнак бўлар даражада. Бу албатта, маҳаллаларнинг криминоген ҳолатига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши турган гап. Ички ишлар органлари томонидан маҳаллаларнинг криминоген ҳолати ўрганилиб, улар тоифаларга ажратилганидан ҳам буни англаш мумкин.“Сариқ” тоифага киритилган Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Каттаҳовуз” маҳалласидаги криминоген вазиятни яхшилаб, уни ижобий томонга ўзгартириш мақсадида туман ИИО ФМБ бошлиғи Отабек Жамолов томонидан ушбу ҳудуддаги аҳвол ўрганилди. Маҳалла раиси, фаоллари, “еттилиги” ҳамда масъуллар билан ўтказилган суҳбатлар чоғида вазиятга баҳо берилиб, келгусида ҳолатни яхшилаш, жиноятчиликни олдини олиш ва барвақт бартараф этиш чораларига эътибор қаратилди. Шунингдек, маҳалла кириш йўлларига видеокузатув камераларини ўрнатиш бўйича вазифалар белгиланди. О.Жамолов ўзига бириктирилган эҳтиёжманд оилага ташрифи чоғида хонадоннинг шарт-шароитини ўрганиб, маҳалла фуқаролар йиғини мутасадди ходимлари, жумладан ҳокимлик вакилларига ушбу оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш ва камбағалликдан чиқариш чораларини кўриш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди. Туманда жойлашган “Сархумдон” маҳалласи эса “қизил” тоифада. Туман ИИО ФМБ бошлиғи ушбу маҳаллада ҳам бўлиб, Юртбошимизнинг жорий йил бошида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт аниқлаб олдини олиш борасида қабул қилган қарорининг ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Йиғилганлар: маҳалла “еттилиги”, фаоллари, аҳли, масъуллар эътиборини мазкур маҳаллада жорий йилнинг 7 ойи мобайнида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қаратиб, улар кенг муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга келгусида бу каби жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, маҳаллани жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли ҳудудга айлантириш юзасидан йиғилганларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиб, ўз тавсиялари билан бўлишди. Шунингдек, маҳалла кўчаларига кириш йўлакларига замон талабларига жавоб берувчи видеокузатув камераларини ўрнатишга урғу берди. Маҳаллаларни фуқаролар учун хавфсиз ва обод гўшага айлантириш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар ҳадемай ўз самараси ва натижаларини кўрсатиши аниқ.

Барча янгиликлар

Text to speech