Маҳалланинг кўп миллатли аҳолиси ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган ходим
Республикамизда иккинчи маротаба нишонланаётган Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз ва хорижий ҳамкорлар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Тошкент шаҳар ИИББ профилактика инспектори ҳам борлиги қувонарли ҳол. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган маҳаллий ва хорижий жисмоний ва юридик шахсларнинг фидойи меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги 335-сонли қарорига асосан “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони таъсис этилган. Жорий йилдаги “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланганлар орасида Бектемир тумани ИИО ФМБ 3-сонли ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори капитан Джалгасбек Утегенов ҳам бор. Капитан Джалгасбек Утегенов 2018 йилдан буён хизмат олиб бораётган “Миришкор” маҳалласида 4600 дан ортиқ аҳоли – ўндан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Маҳалладошлар аҳил яшаб, бир-бирига ёрдам беради, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. Маҳалла фуқаролар йиғинига ҳар бир фуқаро ўз муаммоларини ҳал этиш, оилавий масалалар бўйича ёки маслаҳат олиш учун мурожаат этиши мумкин. Профилактика катта инспектори капитан Джалгасбек Утегенов профилактика инспекторлари катта лейтенантлар Мақсуд Махмудхўжаев ва Шахбоз Абдураимовлар билан бирга фуқаролар хавсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш, аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этиш бўйича ишлар олиб бормоқда. Джалгасбек Утегенов маҳалла аҳолиси билан мунтазам равишда учрашувлар, ёшлар билан суҳбатлар ўтказиб, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахслар билан профилактик ишлар олиб боради. Уларга ишга жойлашишда, оиласидаги низоли вазиятларни бартараф этишда кўмаклашади. Джалгасбек маҳалла аҳлининг дунёқараши, одатлари, муаммоларидан келиб чиқиб, ҳар бирининг қалбига йўл топа олган. Шу билан бирга, қувончли дамларда ҳам, қийин вазиятларда ҳам маҳалла аҳолиси қўни-қўшнининг дўстона елкасини ҳис қилади. Сафдошимиз Джалгасбек Утегеновни яна бир бор юксак мукофот билан табриклаймиз!