6 Август 2025 йил 460

Маҳаллалардаги ҳолат ўрганилмоқда

Республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш тўғрисидаги Президентимиз қабул қилган қарорининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, пойтахт маҳаллаларида қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, маҳаллаларнинг криминоген ҳолатини ўрганиш, маҳалла раислари, фаоллари, “еттилиги”, масъулларни жалб қилган ҳолда ҳамкорликда иш режаларини белгилаш, амалий чора-тадбирлар қабул қилиш ҳамда ижросини таъминлашга эътибор кучайтирилмоқда. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш: жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга эришиш йўлида тизимли равишда маҳаллабай учрашув ва йўриқномалар ўтказилмоқда. Шу мақсадда Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Сарвар Жўраев, туман прокурори Тоҳиржон Ҳусановлар криминоген вазияти оғир ҳисобланган “Ёрқинҳаёт” ва “Хушнуд” маҳаллаларида бўлиб, ҳудуддаги криминоген вазият билан яқиндан танишдилар. Маҳалла фаоллари, “еттилиги”, масъуллар билан вазият бўйича йўриқнома ўтказилди. “Ёрқинҳаёт” маҳалласида 45 та, “Хушнуд” маҳалласида 60 та хонадон ўрганилди. Ҳар икки маҳалланинг 16 нафар фуқароси ишга жойлаштирилди, 60 га яқин фуқаронинг ўз-ўзини банд қилиш орқали бандлиги таъминланди. Ўндан ортиқ шахслар билан профилактик-тушунтириш ишлари олиб борилди. 15 га яқин ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, беш ташаббус олимпиадасига жалб этилди. Шунингдек, “Ёрқинҳаёт” маҳалласидан тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 11 нафар шахсларга 179 миллион сўм, “Хушнуд” маҳалласида 4 нафар фуқарога 40 миллион сўм кредит маблағлари олиб беришда ёрдам кўрсатилди. Маҳаллада аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларини бартараф этиш, ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасидаги ишларни жадаллаштириш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгиланиб, ҳар икки маҳалла “еттилиги”га тегишли кўрсатмалар берилди. Масъуллар томонидан маҳаллалар ҳолатини ўрганиш, аниқланган камчилик ва муаммоларни ҳал этиш ишлари барча туманларда олиб борилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech