Маҳаллаларнинг тинчлиги, осойишталиги, ободлиги ушбу масканда истиқомат қилаётган аҳолининг маданияти, турмуш тарзи, фаровонлиги ҳамда маънавиятидан дарак беради. Учтепа тумани ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ профилактика инспекторлари 14 та маҳаллада фуқаролар тинчлиги ва осойишталигига масъулдирлар. Маҳаллаларнинг 3 таси “ яшил”, 11 таси “сариқ” тоифаларга киритилган. Кейинги 11 та “сариқ” маҳаллаларни “яшил” тоифага ўтказиш борасида мазкур масканларда маҳалла раислари, фаоллари, “еттили”ги билан ҳамкорликда қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ўтган 2025 йилда иккита маҳалла “Кўкча-Оқтепа” ҳамда “Гузар” маҳаллалари “қизил” тоифадан “сариққа” ўтказилди. “Кўкча-Оқтепа” маҳалласида 11 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. 2025 йилда мазкур маҳаллада 4 та жиноят содир этилган. Содир этилган ҳар бир жиноят тегишли идора ҳамда ташкилотлар мутасаддилари иштирокида муҳокама қилиниб, жамоавий таъсир чоралари қўлланди. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича сайёр судлар томонидан маҳаллада содир этилган ҳуқуқбузарликлар муҳокамаси, ҳуқуқий тушунтириш ишларининг изчил равишда амалга оширилиши ҳам ўз натижасини бермоқда. Барча маҳаллаларнинг ҳолати ўрганилиб, “ташвиш” тугмалари, видеокузатув камералари, тунги чироқларнинг ўрнатилгани боис маҳаллалардаги криминоген вазият барқарорлашиб, ижобий томонга ўзгарди.