Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаганини, бир сўз билан айтганда, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошганини таъкидлади.
Шу билан бирга, қаерда ҳаёт яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда “енгил пул топиш” ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашиб, жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади.
Лекин ҳуқуқ-тартибот тизими пойтахтдаги янгиликларга мос ишламаётгани кўрсатиб ўтилди. Пойтахтнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари республикага намуна бўлмаётгани, бунинг учун пойтахтда ресурс ҳам, куч-воситалар ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли бўлишига қарамасдан, ҳалигача эски “қолип”дан чиқиб кета олмаётгани танқид қилинди.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин – маҳалла профилактикаси. Бироқ Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди.
Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик, безорилик бўйича, Юнусобод босқинчилик бўйича биринчи ўринда. Ёки ўтган йили Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари энг кўп бўлган.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Р.Султонхўжаев, Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А.Ўрмоновга “ҳайфсан” берилиб, олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди.
Йирик бозорлар ва гавжум жойларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича гвардия, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар идораларининг ҳамкорлиги етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Ички ишлар вазирининг ахборот технологияларига масъул ўринбосарининг тизимни рақамлаштириш бўйича ишларида ҳали сезиларли натижа кўринмаётгани танқид қилинди. Вазирликдаги кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг иши сустлиги қайд этилди.
Президентимиз наркожиноятчилик ва уюшган гуруҳларга қарши кураш бўйича наркоканалларнинг охирги манбаси ва ҳомийларигача етиб бориш учун масъулларда қатъият йўқлигини танқид қилди.
Чет элга бориб олиб, уюшган жиноий гуруҳлар ташкил қилган, у ерда ўзимизнинг фуқароларни ҳам талаётган шахслар фаолиятига чек қўйишдаги сусткашликлар қайд этилди.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва солиқ маъмурчилиги бўйича пойтахт солиқ органларининг иши мутлақо қониқарсиз экани таъкидланди. Солиқ қўмитасида қўшилган қиймат солиғидан сунъий ортиқча тўлов ҳосил қилиш орқали уни бюджетдан ноқонуний қоплаш ҳолатлари кўпайган.
Ушбу йўналишларга жавобгар бўлган қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев ишдан олинди.
Давлатимиз раҳбари “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигида миллиардлаб сўмлик талон-торожликлар аниқланганини маълум қилди.
Мисол учун, Давлат активларини бошқариш агентлигининг мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 миллиард сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 миллиард сўмга сотиб юборган. Шу боис, агентлик директори А.Ортиқов ишдан олинди.
Яқинда Администрация ва давлат идораларида комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тизими йўлга қўйилди.
Қисқа муддатда бюджетга тушум, талон-торож, молиявий камчиликлар бўйича 53 триллион сўм ва ташқи савдо операцияда 8 миллиард доллардан ортиқ қарздорлик аниқлангани ўта аянчли ҳолат экани қайд этилди. Коррупциявий схемалар бўйича 4,2 триллион сўм зарар аниқланиб, 1,3 триллион сўми ундирилди, 55 нафар шахс қамоққа олинди.
Масалан, Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидларида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани аниқланиб, вазир ўринбосари Б.Абдуллаев ва департамент бошлиғи Р.Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Давлат идоралари ва корхоналарида хавфсизлик учун масъуллар фаолиятини ҳам танқидий қайта кўриб чиқиш вақти келгани қайд этилди.
Масъул идоралар уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиёт бўйича жиловни қўлга олиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу 4 та йўналиш бўйича мутлақо янги тизим яратилиб, жараён биринчи навбатда Тошкент шаҳрида бошланади. Жумладан, хавфсиз муҳит яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий этилади.
Президентимиз янги тизимни Чилонзор тумани мисолида тушунтириб берди.
Туманда жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади. Патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари туну кун 3 сменали хизмат режимига ўтади. Патруль гуруҳларига ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.
Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилади. Улар тунги вақтда ўз бошлиқларига берилган барча ваколатга эга бўлади, мустақил қарор қабул қилади ва масъулиятни ҳам тўлиқ зиммасига олади.
Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматининг ҳар соатига базавий ҳисоблашнинг 5 фоизи миқдорида компенсация тўланиши белгиланди.
Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дрон ёрдамида патруллик кузатуви йўлга қўйилади.
Чилонзор тумани ички ишлар ходимлари соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, фуқаро мурожаатини қабул қилади, кўчада формали ходимга қилинган мурожаат “102”га хабар берган билан тенг бўлади.
Тумандаги барча 55 та маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига туну кун боғланиши мумкин бўлади.
Давлатимиз раҳбари наркожиноятларга қарши кураш масаласига алоҳида тўхталди.
Синтетик наркотикларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилиб, тўлов криптовалютада бўлаётгани, нарколабораториялар мамлакат ичида очилаётгани қайд этилди.
Шунингдек, қонунчиликда давлат органларининг бу борадаги вазифалари ҳам аниқ кўрсатилмаган. Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолгани танқид қилинди. Эндиликда агентликнинг масъулияти кучайтирилиб, унга мутасадди идоралар ишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва баҳо бериш ваколати берилади.
Мутасаддиларга трансчегаравий ва виртуал майдонда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит тизимни йўлга қўйиш топширилди. Ички ишлар вазирлигида уюшган жиноятчилик бўйича алоҳида хизмат ташкил қилинади.
Ўтган йили пойтахтда ушланган уюшган жиноий гуруҳлар таркибида 259 нафар “оғир” тоифадаги ёшлар ва спортчилар бўлгани ўта ташвишли ҳол экани қайд этилди.
Спортчиларнинг аксарияти кўча безорисига айланиб кетаётгани, жойларда пул учун яширин жанглар ташкил қилиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилди. Мутасаддиларга бу йўналишда назоратни таъминлаш, жанговар спорт турлари билан шуғулланаётган ёшларни касбга ўқитиб, салоҳиятига мос иш билан банд қилиш тизимини яратиш топширилди.
Бугун турли радикал ва экстремистик ғоялар ахборот технологиялари орқали ёшларимиз онгини заҳарлашга уриняпти. Фақат жазо ва тақиқ билан бу муаммони ҳал қилиб бўлмаслиги таъкидланди.
Бундан буён пойтахтнинг ҳар бир туманида “Қайтарув гуруҳлари” фаолияти доимий асосда ташкил қилинади.
Кибержиноятлар кундан-кунга кўпайиб, унинг турлари 18 тадан 62 тага чиқди. Айниқса, шахсий маълумотларни ўғирлаш, сунъий интеллект орқали овоз ва юз қиёфасини ўхшатиш, зарарли файлларни тарқатиш авж оляпти. Ўзлаштирилган маблағлар криптовалюта шаклида четга чиқарилмоқда.
Буларни тезкор фош этиш ва тўхтатиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари кибертехнологиялар ва сунъий интеллектни мукаммал эгаллаши лозимлиги қайд этилди.
Шу боис, Ички ишлар вазирлигида кибержиноятчилик бўйича алоҳида департамент ташкил қилинади ва унга вазирнинг ўзи масъул бўлади. Адлия вазирлигида кибержиноятчилик ва рақамли ҳуқуқ бўйича алоҳида бошқарма очилади.
Кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериш, малакали ва фидойи кадрларни рағбатлантириш доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.
Шу боис, профилактика инспекторларини янада қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш бўйича қатор янгиликлар эълон қилинди.
Жумладан, жорий йил 1 июлдан пойтахтдаги профилактика ходимларига айнан шу соҳада кўп йиллик стажи учун 5 миллион сўмгача ойлик устама берилади. 1 февралдан юридик олийгоҳни битириб, ички ишлар тизимига ишга кирганларга олийгоҳда ўқиган даври ҳам стажга қўшилади. Вилоятдан келиб, пойтахт ички ишлар идораларида ишлаётган ходимларнинг уй ижарасига ойлик тўлов 1,8 миллион сўмдан 3,1 миллион сўмга оширилади. Ички ишлар ходимлари учун қурилаётган уйларнинг 30 фоизи фақат профилактика инспекторларига берилади.
Мутасаддиларга ички ишлар органларининг аҳоли билан бевосита ишловчи, жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши курашувчи тузилмаларини янги тизимга ўтказиш бўйича фармон лойиҳасини киритиш топширилди.
Ушбу бўлинмалар учун хизматни ўташ, муомала маданияти, тезкор ҳаракатланиш, куч ва қурол ишлатиш бўйича ягона стандартлар жорий этилиб, улар сервис тузилмага айланиши белгиланди.
Адлия тизимини ҳам кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу борада биринчи қадам сифатида Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ-тартибот идораларининг фаолиятини “ҳуқуқий аудит”дан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, адлия органларининг аниқ роли, янги вазифа ва ваколатлари белгиланади.
Давлатимиз раҳбари муҳокама қилинган бошқа соҳаларда ҳам мавжуд қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, янгиларини қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган масъулларга жавобгарлик чоралари белгиланди, уларга нисбатан қонун устуворлигини таъминлаш топширилди.
Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.