Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ раҳбарияти номига Юнусобод тумани “Уч қаҳрамон”маҳалласи, 10-мавзе, 3-уй бошлиғи ҳамда фаоллари номидан ташаккурнома келиб тушди. Унда ЙҲХБ ЙПХБ ходими катта лейтенант Адҳамбек Эркаевга маҳалла аҳли мурожаатини ўрганиб чиқиб, тез фурсатларда ижобий ҳал қилганлиги, кўрсатилган амалий ёрдами учун ўз номидан ва маҳалла фаоллари, жонкуяр фуқаролари номидан чуқур миннатдорлик билдирилган. Шунингдек, А.Эркаев каби фидоий ходимлар сони ички ишлар органлари сафида кўпайиб бориши, халқ осойишталиги ва хавфсизлиги йўлидаги хизматларида ходимларга улкан муваффақиятлар тилаган.
Ташаккурнома изҳор этилган Адҳамбек Эркаев Тошкент автомобиль йўллари институтини муваффақиятли тугатиб, 2020 йилда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ батальонида иш фаолиятини бошлаган. Олийгоҳда ҳамда ИИВ Академияси касбий тайёргарлик курсларида олган билимлари ва кўникмаларини батальон командири ўринбосари, подполковник Ғанишер Эгамбердиев устозлигида сайқаллаб, мустаҳкамлаб борди. Устозининг йўл-йўриқлари, маслаҳатларига амал қилган Адҳамбек тез орада ҳамкасбларининг ҳурматини, раҳбариятнинг эътиборини қозонди. Интилувчанлиги, меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги, берилган топшириқлар, зиммасидаги хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши, ташаббускорлиги, тегишли ташкилотлар ва маҳкамалар билан ўзаро ҳамкорликни тўғри йўлга қўя олиш каби сифатлари ортидан ҳамкасблари орасида ҳурмат қозонди, раҳбариятнинг эътиборига тушди.
– Адҳамбек ўз касбининг фидойиси. Пойтахтимиз йўлларида ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга доир масалаларни ҳал қилишда фаол. Ҳар бир топшириққа ижобий ёндашади. Ҳамкор ташкилотлар билан яқиндан алоқа ўрнатиб, куч ва воситаларни самарали сафарбар қила олиши, тўғри фойдаланиши туфайли кўплаб масалаларга ўз вақтида ечим топади, – дейди ЙҲХБ ЙПХ бригадаси 3-батальон командири, подполковник Эркин Азимбоев. – Йўлларда транспорт воситалари, пиёдалар ҳаракати билан боғлиқ хавфсиз ҳаракатни ташкиллаштириш борасида ходимларнинг вазифаларини тўғри тақсимлайди. Хусусан, фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ўрганиб, кўрсатилган камчиликларни вақтида бартараф этиш ҳам шулар жумласига киради. Ҳолбуки, улар ҳаракат хавфсизлигини таъмнлашда муҳим ўрин тутади.
Подполковник Э.Азимбоевнинг сўзлари исботи тариқасида туманнинг “Увайсий”, “Бодомзор, “Обод” чунончи, “Уч қаҳрамон” маҳаллаларида пиёдалар йўлакчаларининг барпо этилиши, йўл белгиларининг тўғри ўрнатилиши, эскирган, шикастланганларни янгисига алмаштириш, тегишли йўл чизиқларини тортиш, айниқса мактаблар, мактабгача муассасалар олдига тегишли белгиларни – ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қиладиган йўл белгиларини ўрнатишда лавҳа қаҳрамонимизнинг алоҳида хизматларини таъкидлаш жоиздир. Ўзининг ҳам икки нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган Адҳамбек болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини ўргатишни энг биринчи, зарурий вазифалар деб билади.
Бугун катта лейтенант Адҳамбек Эркаев Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ 3-батальон 6-сафарбарлик гуруҳи командири лавозимида ўз вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариб, ҳамкасблари ҳамда фуқароларнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Ҳар бир ишда, босаётган қадамида отаси – айни пайтда нафақа гаштини сураётган Зокиржон ака, онаси – Насима опаларнинг ҳамда устози подполковник Ғанишер Эгамбердиевнинг: “Бойлик пулда эмас. Ҳалоллик ва ростлик, халқ тинчлиги йўлидаги ҳар бир ҳаракат инсонни юксакликка етаклайди, маънавий бой қилади. Одамларга фойданг тегса, сени “яхши” деса, демак сен яхшисан”, деган сўзлари ҳамиша қулоқлари остида жаранглайди. Яшашдан мақсад ҳам шу аслида.