Озодликка чиққан Жасур кўп нарсалар ўзгариб кетганини тушунди. Илгари кунда-шунда бўлган, ҳар бир нарсада маслаҳатига, суҳбатига муштоқ бўлган оғайнилари энди уни кўрганида кўчанинг нариги бетига ўтиб, кўрса ҳам кўрмаганликка олиб кетишарди. Турмуш ўртоғи ва икки норасида фарзанди ҳам бегонасирагандек туюларди гоҳида. Буларни сезган Жасур аламини аввал ичкиликдан оладиган, кейинроқ гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилиб унутгандек бўларди. 2024 йилнинг 21 январида ҳам у интернет тармоғи орқали кучли таъсир қилувчи психотроп моддасига буюртма бериб, уни яшириб кетилган жойдан олди-да, кечки истеъмоли учун сақлаб қўйди. Чилонзор туманининг “Навбаҳор” маҳалласида жойлашган ошхонага кириб, спиртли ичимлик ва егулик буюрди. Ёнидаги столда тўрт нафар ўзи тенги йигитлар гурунглашиб, бир гапириб ўн кулиши унда ҳавас уйғотди. Бир пайтлар усиз ўтмайдиган давралар эсига тушиб, таъсирланди. Кайф эмасми, бир шиша ароқни кўтариб уларга яқинлашди ва ўтиришга рухсат сўради. Давранинг эгаси бўлган – оғайнилари билан туғилган кунини нишонлаётган Заҳириддинга бу ёқмади. – Сизга кўзимиз учаётгани йўқ. Ўтирган жойингизда бемалол ўтираверинг, – дея ғижинди Заҳириддин. – Ёки ўтирғизиб келайми?!
Унинг кейинги гапи Жасурга оғир ботди, гўё “ўтириб” чиққанига ишора қилгандек. Аввалги ҳавас ҳасадга айланди. У гандираклаганча кўчага йўл олди. Ошхона эшиги олдида тебраниб бир оз турган эди, иттифоқо Заҳириддин автомашинасида қолдирилган уяли телефонини олиш учун чиқиб келди. Заҳириддиннинг яп-янги,чиройли автомашинасини кўрган Жасурнинг ҳасади энди адоватга айланди. У ҳе йўқ, бе йўқ, Заҳириддиннинг бошига бор кучи билан зарба берди ва воқеа жойидан қочиб қолди. Ҳали алам ўтида ёнаётган Жасур Учтепа туманидаги тунги клубга йўл олди. Тунги соат иккилар. Аламзаданинг бежо ҳаракатлари шу ҳудуддаги ички ишлар органлари ходимларининг эътиборини тортди. Холислар иштирокида текширилганда, унинг шими чап чўнтагидан оқ рангли кукунсимон кучли таъсир қилувчи модда аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
— Заҳириддин олинган зарбдан ҳушини йўқотганидан фойдаланган Жасур воқеа жойидан яширинган,– дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шаҳзодбек Давирбоев. – Суд-тиббий экспертизаси жабрдийдага ҳаёти учун хавфли оғир тан жароҳати етказилгани ҳақида хулоса берди.
— Жиноят ишлари бўйиича Чилонзор тумани суди очиқ суд мажлисида 1992 йилда туғилган, муқаддам судланган Ю.Жасурнинг қилмишларини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) ва 276-моддаси 2-қисми “б” банди (“Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) билан айбли деб топди. Айбдорга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.