10 Июл 2025 йил 749

Кино бошқа, ҳаёт бошқа, қонун эса ўзгармас

“Қўлингдан келса, тутиб ол” (2002 йил) фильмидаги ёш фирибгар Фрэнк Эбегнейлнинг усталик билан ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали ҳали махфий хизмат ходими, ҳали учувчи, ҳали машҳур врач, адвокат ёки банк ходими сифатида ўзини таништириб кўплаб шахсларни, ҳатто махсус хизмат ходимини ҳам чув туширгани ҳақидаги фильмни томоша қилмаганлар бўлмаса керак. Фильм қаҳрамонининг қилмишлари жиноят бўлишига қарамай, устасифаранглиги эътиборни тортади, албатта. Ўзимизнинг ҳамюртимиз Абдулла ҳам ундан қолишмас экан. Фильм қаҳрамонига тақлид қилибми, – ҳар ҳолда ҳужжатларни аслидай тайёрлаш “қобилиятини” тан олиш керак – йўқ, жиноятга мойиллиги туфайли, тер тўкмай бойлик орттириш режасини тузди. У қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, 2024 йил январда пойтахтимиздаги банклардан биридан Ў.Суннатиллага тегишли Equinox автомашинасини гаровга қўйиб 254.150.000.000 сўм пулни йиллик 35 фоиз тўлаш шарти билан 60 ой муддатга кредит расмийлаштирди. Автомашина тақиққа қўйилганига қарамай, қалбаки ҳужжатлар – банк қарздорлиги узилгани ҳақида назорат бўлими номидан хат тайёрлаб банк раҳбариятига гўё тақдим қилинди. Бу хат орқали эса QR кодли, банк чиқиш рақами кўрсатилган банкнинг махсус бланкасида қарздорлик сўндирилгани ҳамда автомашина тақиқдан ечилгани ҳақида сохта маълумот тайёрланди. Бу эса нотариал идора томонидан автомашинани ўзга шахсга сотиб юбориш имконини берди. Афсуски, унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Сохта, қалбаки ҳужжатларнинг сири очилди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида 2000 йилда туғилган М.Абдулланинг жиноий қилмишларини кўриб чиқди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, тергов ҳаракатларида ҳамкорлиги, оилавий шарт-шароитларини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”), 228-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари (“Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш”), 233-моддаси 1-қисми (“Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш”) билан айбли деб топди ва ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 15 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

Мазкур жиноят иши Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан А.Бафоев иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech