Дунё ХХI-асрга ахборот асри номи билан қадам қўйди. Ахборот технологияларининг шиддат билан ривожланиши, имкониятларининг тобора кенгайиб бориши афсуски, айрим нопок, енгил пул топиш илинжида бўлган ғаразли кимсалар томонидан бойиш қуролига айлантирилмоқда. Бу кимсалар макон ва замон билмас интернет тармоқлари орқали ўзгаларнинг маблағлари, шахсиятига оид маълумотлардан фойдаланиб товламачилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этишмоқда. Пойтахт ИИББ томонидан жорий йилнинг 2 сентябридан 2 октябрига қадар “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик тадбирининг ўтказилиши фуқароларнинг кибержиноятлар қурбонига айланмаслик, ўз-ўзини ҳимоя қилиш, маблағлари дахлсизлигини таъминлаш, киберфирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликларини олдини олиш, огоҳлантириш, иммунитетини кучайтиришга қаратилган. Ойлик ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида Бош бошқарма Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси масъуллари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида “Онлайн қимор – инқироз ва ҳалокат томон босилган қадам” мавзусида очиқ мулоқот тарзидаги давра суҳбатини ўтказишди. Давра суҳбатини Академия бошлиғи ўринбосари, подполковник Элёр Аҳмадалиев очиб, онлайн қимор ва тотализаторларнинг шахс ҳаётига нафақат моддий зарар етказиши, балки маънавий таназзулга олиб келишини таъкидлади. Академия раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар, курсантларни қамраган кенг аудитория олдида Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси катта мутахассиси, лейтенант Абдурасул Абдувалиев, тезкор вакил, лейтенант Беҳруз Мирзаахметов, Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ходимлари: катта лейтенант Шерзодбек Камолов, капитан Абдувоҳид Абдужабборовлар маъруза қилиб, онлайн қимор ва тотализаторларнинг ёшлар ҳаётига салбий таъсири, интернет орқали пул тикиладиган ўйинларда иштирок этиш оқибатида катта маблағни ютқазиб хонавайрон бўлган, ҳатто ўз жонига қасд қилишгача етиб борган шахслар тақдирини мисоллар орқали келтириб ўтишди.
Шунингдек, бундай таваккалчиликка асосланган ўйинлар инсонда умидсизлик ва чорасизлик ҳиссини кучайтириши, оилавий муаммолар ва фожеаларга сабаб бўлишини қайд этишди. Бу каби кибержиноятлардан огоҳлантириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг маъмурияти ҳамда етти юзга яқин талабалари, Тошкент метрополитенининг ишчи-ходимлари билан ҳам ўтказилди. Давра суҳбати йиғилганларда катта қизиқиш уйғотиб, савол-жавобларга бой бўлди. Қайд этиш жоизки, мазкур ўтказилаётган суҳбат ва профилактик тадбирлар мавзунинг нақадар долзарб ва муҳимлигини кўрсатмоқда. Кибермакон ҳар бир инсон учун хавфсиз ҳамда фойдали бўлишини таъминлаш ойликдан кўзланган асосий мақсад бўлиб, кибержиноятчиларнинг тўрига илинмаслик фуқароларнинг ўзларига боғлиқ. Кейин “аттанг” деб қолмаслик учун масъул ходимлар томонидан берилаётган ҳар бир огоҳлантириш ва тавсияларга эътибор бериб, қатъий амал қилинса, бўлгани.