Кибермакон билим ва эзгулик маконига айланиши лозим
Хабарингиз бор, пойтахтимиз ҳудудида жорий йилнинг 2 сентябридан 2 октябрига қадар “Хавфсиз кибермакон” тезкор-профилактик тадбири ўтказилмоқда. Ойлик тадбирларида ижтимоий тармоқларда тобора илдиз отиб бораётган киберфирибгарлик, шахсий маълумотларни “ўғирлаш” орқали товламачилик ва маблағларни ўзлаштириш, гиёҳвандлик савдосига жалб қилиш ва бошқа кўплаб жиноятларнинг олдини олиш мақсад қилиб қўйилган. Ахборот технологиялари ёрдамида содир бўлаётган жиноятларни барвақт олдини олиш, огоҳлантириш бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ҳудудий тузилмалари масъуллари пойтахтимиз аҳолиси, айниқса ёшлар билан мавзу бўйича очиқ мулоқот тарзидаги учрашувлар, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиб келишмоқда.
Шундай учрашувларнинг навбатдагиси пойтахтнинг Сергели тумани ИИО ФМБ масъуллари томонидан туманда жойлашган Амалий фанлар университети ҳамда Тошкент Ижтимоий инновация университети маъмурияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирокида ўтказилди. Йиғилганлар олдида сўзга чиққан туман ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими раҳбарлари, профилактика инспекторлари кибержиноятлар, гиёҳвандлик воситаларининг оила, шахс ҳаётига салбий таъсири, жамият таназзулига етакловчи мудҳиш оқибатларига урғу бериб, уларга қарши кураш, ҳимоя иммунитетини ҳосил қилиш бўйича тавсия ва йўриқлар бердилар. Учрашув қатнашчилари томонидан берилган кўплаб саволлар мазкур мавзунинг долзарб ва муҳимлиги, бу борадаги тарғибот ва ташвиқот ишлари кўлами ва савиясини янада жонлантириш лозимлигини кўрсатмоқда.