29 Август 2024 йил 991

Келажакка дадил қадам

Дурдона Абдураҳимова ички ишлар идоралари ходими бўлишни орзу қилар, аммо тиббиёт соҳасида  фаолият юритаётган онаси Дилфуза опанинг умидларини чиппакка чиқаришни ҳам истамасди. Шу боис сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги учун тиббиёт коллежини тамомлаб, Тошкент шаҳар ИИББ тиббиёт бўлимида иш бошлади. Йиллар ўтгани сари ички ишлар органи ходими бўлиш истаги кучая борди, у ўз устида ишлаб, янги йўналишда – молиявий саводхонлик бўйича ўрта-махсус билимга эга бўлди. Бугунги кунда сафдор Дурдона Абдураҳимова пойтахт ИИББ МваМТТБ ҳисоб-китоб гуруҳи бухгалтери лавозимида сидқидилдан хизмат қилиб келмоқда. Бошқарма бош мутахассиси, подполковник Лазокат Баҳодирова, хизмат ўринбосари, капитан Фарҳод Сабитовлар ёш ходимнинг зиммасига юклатилган вазифаларини бекаму кўст бажариши, мослашуви, зарурий кўникмалар ҳосил қилиши учун вақтларини аяшмади, фойдали йўл-йўриқлар кўрсатиб, ишини назорат қилиб бориш билан бирга камчиликларни кўрсатиб, амалий ёрдам беришди. Дурдона уларни ҳурмат билан тилга олади. Иш жараёнида соҳага катта қизиқиш билан ёндашган қаҳрамонимиз малака ҳосил қилиш учун билимларини ошириш зарурлигини англади. У иккиланмай кириш имтиҳонларига катта тайёргарлик кўриб Халқаро молия ва технологиялар институтига ҳужжатларини топширди. Ҳозирда ўз йўналиши бўйича олийгоҳнинг сиртқи бўлимида таҳсил олиб келмоқда. Шу билан бирга амалий ва назарий билимларини ошириб, уларни хизмат фаолиятида самарали қўлламоқда.

Сафдор Дурдона мустақиллигимиз тенгдоши.

– Мустақиллик халқимиз онгини ўзгартириб юборди. Фикрлаш, дунёқарашимизда ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берди. Авваллари одамлар куни ўтганига хурсанд бўлган бўлса, бугун турмушини янада фаровон қилиш, билим олиш, ўз касбининг ҳақиқий эгаси бўлиш мақсадида фақат олийгоҳ таълими билан кифояланибгина қолмай, бошқа манбаларни ҳам топиб ўрганишга интилишмоқда. Буларнинг барчаси Мустақиллигимиз туфайли, деб биламан. Шу йўлда мен ҳам олийгоҳда билимларимни ошириб, келгусида юртим учун сидқидилдан хизматимни давом эттириш ниятидаман.

Барча янгиликлар

Text to speech