Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари, манфаатдор ташкилот ва идоралар билан яқин ҳамкорликда аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, бандлигини таъминлаш ҳамда зарур шарт-шароитлар яратишга кўмаклашмоқдалар. Юнусобод тумани ИИО ФМБнинг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари, туман ҳокими ўринбосари билан ҳамкорликда маҳалла аҳолиси билан учрашдилар. Жойларда ўтказилган сайёр қабулда хотин-қизлар мутасаддиларга ўз мурожаатлари ҳамда уларни қийнаётган масалалари билан мурожаат қилдилар. Жумладан, “Туркистон” маҳалласида яшовчи муқаддам судланган фуқаро тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун тикув машинасини ҳарид қилишда ёрдам сўради. “Боғиэрам” маҳалласининг “аёллар дафтари” рўйҳатида турувчи Гулбаҳор эса қандолатчилик цехи очмоқчи эканлигини айтиб, зарур жиҳозлар харид қилиш учун субсидия олишда ёрдам сўради. Шунингдек, шу маҳаллада истиқомат қилувчи яна бир фуқаро саломатлигини тиклаш учун моддий ёрдам сўради. Бир қатор мурожаатлар жойида ижобий ҳал этилиб, қолганлари бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.