“2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1 Қарори ижроси қандай таъминланаётганини ўрганиш ишлари туманларда давом этмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман ҳокими Бобир Абубакиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ 3-сектор раҳбари – туман ИИО ФМБ бошлиғи полковник Отабек Жамоловга бириктирилган, қизил тоифага киритилган “Катта ҳовуз” маҳалласида бўлиб, қарор ижроси бўйича олиб борилаётган ишлар билан қизиқишди. Улар маҳалла еттилиги томонидан олиб борилаётган ишлар жумладан, маҳалла ҳудудида яшовчи ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойиллиги бўлган 8 нафар шахс билан олиб борилаётган профилактик-огоҳлантириш ишлари билан яқиндан танишиб, ушбу шахсларни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб қилиш юзасидан ўз тавсияларини беришди. Шунингдек, маҳаллада жойлашган 11 та хонадон ўрганилди. Маҳалла фуқаролари муаммоларини ўрганиш натижасида бир нафар фуқаро касб эгаллаш учун ўқишга йўналтирилган бўлса, 2 нафари ишга жойлаштирилди, 4 нафарининг бандлиги таъминланди, 5 нафари билан эса профилактик-тушунтириш суҳбатлари олиб борилди. Шунингдек, сектор раҳбарлари маҳалла ҳудудида жойлашган 1-шаҳар клиник шифохонаси ва Перинатал марказ ҳудудларида бўлиб бу масканларда беморлар учун яратилган шарт-шароитлар қатори янги қурилаётган бинодаги қурилиш жараёни, маҳалла ҳудудига 30 та, шифохона ҳудудига 20 та: жами 50 та кузатув камералари ўрнатилиши юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиб, ишни жадаллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Сектор раҳбарлари маҳалладаги олиб борилаётган ҳамда режалаштирилган чора-тадбирларни ўрганиш жараёнида қарор ижросини тўлақонли бажарилиши борасида фикр-мулоҳазалари ҳамда тавсиялари билан бўлишдилар.