15 Август 2025 йил 457

Инсон омилига эътибор

Жойларда раҳбарлар томонидан фуқароларнинг соҳа билан боғлиқ муаммо ва мурожаатларига жавоб топиш мақсадида бевосита шахсий қабулларнинг ўтказилиши ўз самарасини бермоқда. Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг топшириқларини бажариш мақсадида ташкил этилаётган бу каби шахсий ва сайёр қабуллар орқали аҳоли муаммолари қонунан ҳал этилиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояси, қонун устуворлиги тамойилига ишончи таъминланмоқда.
Фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ижтимоий муаммоларига амалий ечим топиш мақсадида куни кеча Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Отабек Жамолов томонидан навбатдаги қабул бўлиб ўтди. Унда жами йигирмага яқин мурожаатлар тингланиб, кўриб чиқилди. Қабул қилинган мурожаатлардан 13 таси тегишли ҳуқуқий асосларга таяниб ижобий ҳал этилди, қолган 5 та мурожаат бўйича қўшимча текширув ва ўрганиш талаб этилиши боис ижро муддатлари белгиланиб, назоратга олинди ва қонуний ечими бўйича масъулларга алоҳида вазифалар юклатилди.
Мақсадли қабуллар Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Улуғбек Мирзақамбаров томонидан ҳам ўтказилди. Қабулга ташриф буюрган 21 нафар фуқароларнинг 32 та мурожаатлари мазмунан – яқинларига (кекса, бетоб, ногирон) паспорт алмаштиришда сайёр хизмат кўрсатиш; вояга етмаган фарзандларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш; экстерриториал тамойили асосида ID-карта расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш; доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш, бекор қилиш; фуқароликни белгилаш масалалари кабиларни ташкил этди. Жами 32 та мурожаатдан 16 таси жойида ижобий ҳал этилди. Хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун тушган 5 та мурожаат бўйича текширув жараёни кечаётганлиги туфайли бу ҳақда фуқароларга тушунтиришлар берилди. 2 нафар фуқарога 16 ёшга тўлиши муносабати билан расмийлаштирилган ID-карта шу ернинг ўзида тантанали равишда топширилди. Фуқароларнинг бири кўрсатган хизмати, хушмуомалалиги, эътибори учун Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ МваФРБ ходимларига ўз миннатдорлигини билдирди. Яна бир фуқаро фарзанди тўғрисидаги маълумотларни расмийлаштиришда хатоликка йўл қўйилгани, уни тўғирлаб бериш бўйича қилган мурожаати қабул давомида бартараф этилди. 7 нафарининг мурожаатлари (фуқароликни белгилаш, доимий ва вақтинча рўйхатга олиш, бекор қилиш масалалари) масъул ходимлар томонидан ўрганиб чиқилгандан сўнг қонуний қарор чиқариш учун назоратга олинди.
Ҳар бир шахснинг мурожаатлари диққат билан тингланиб, қонуний равишда ҳал этилиши, ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилиши, жамиятимизда ҳеч бир инсон эътиборсиз, ёлғизлатиб қўйилмаганидан дарак беради. Бу каби инсонпарварлик тамойиллари пойтахтимизнинг барча туманларида амалга ошириб келинмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech