Куни кеча пойтахт аҳолисининг муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни ташвишлантириб келаётган масалаларга қонуний ечим топиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаевнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Жар” спорт-соғломлаштириш мажмуасида сайёр қабули бўлиб ўтди. Сайёр қабулга тўқсонга яқин юридик ҳамда жисмоний шахслар ўз муаммолари ҳамда оғриқли саволларига жавоб топиш мақсадида ташриф буюришди. Мурожаатчиларнинг муаммоларини тинглаш, кўтарилган масалаларни чуқур сабабларини ўрганиш давомида уларнинг 25 таси жойида ижобий ҳал этилди. 6 тасига малакали ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ўрганиб қонуний хулоса чиқариш учун қўшимча текширув талаб этиладиган 28 та мурожаатларнинг ижроси бўйича соҳавий хизмат раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди. Мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра: суриштирув ва тергов ҳаракатлари, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, терговга қадар текширувларга оид, пластик карта пулларини ноқонуний ўзлаштириш, шахс ҳаёти ва саломатлигига қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга оид, оила-турмуш доирасида келишмовчиликлар кабиларни ташкил этди. Шунингдек, қабул чоғида мурожаатлари ижобий ҳал этилган фуқаролар ўз миннатдорликларини билдирдилар. Ўз муаммоларига ечим истаб келган мурожаатчиларнинг раҳбарият томонидан эътибор билан тингланиб, уларда келтирилган масалаларга ечим топиш бўйича тегишли қарор ва кўрсатмаларнинг берилиши, аҳолининг адолатга, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ишончини янада орттиришга хизмат қилмоқда.