2025 йилнинг 16 январь куни. Таниши билан тунга қадар ичкилик ичиб гурунглашиб ўтирган Санжар гандираклаганча кетишга тараддудланди. Пастки қаватга тушиб келаркан, уй эшигининг очиқлигини кўриб, ичкари мўралади. Пойгакда куртка осиғлиқ бўлиб, чўнтагида калит осилиб турарди. Секин калитни олди ва пастга тушиб ҳовлида турган Cobalt автомашинасига яқинлашди. Чамалаб калитни солган эди ҳақиқатан шу машинаники экан. Ўт олдириб ҳайдаб кетди. Амир Темур шоҳкўчасида ёнилғи тугагани учун автомашина бир-икки силкинди-да тўхтаб қолди. Санжар салонни титкилаб чиқиб, қўлига илинган 102 АҚШ долларини олиб воқеа жойидан қочиб кетди. Автомашина эгаси Ч.Шуҳрат хонадон деразасидан ҳовлига қараганда соат тунги 02.00 лардан оғган, машина қўйилган жойида йўқ эди. Шуҳрат вақтни бой бермай ички ишлар органларига хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1982 йилда туғилган, А.Санжарнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (“Транспорт воситасини олиб қочиш”), 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топилди ва 5 йилу 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант О.Турсунпулатовнинг иш юритувидан олинди.