22 Декабр 2025 йил 153

Қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганилмоқда

Юртимизда қиш. Қорли-қировли кунлар бошланиб, уйлар, болалар муассасалари, ўқув даргоҳлари, корхона-ташкилотлар, иншоотларни иситиш, йўллар, тротуарларни қор-музлардан тозалаш ишлари мутасаддилардан катта эътиборни талаб қилади. Қиш мавсумининг талофатсиз, кўнгилсизликларсиз ўтказилишини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокими, прокурори, ИИББ, солиқ бошқармаси ҳамда бошқарув сервис компаниялари, ободонлаштириш ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорлигида бир қатор пойтахт туманларидаги ҳолатларни ўрганиш ишлари олиб борилди. Аҳолининг қишки мавсумда электр энергияси, иситиш мосламаларига бўлган эҳтиёжи, ёқилғи-ёнилғи маҳсулотларининг захираси, йўловчилар ҳамда транспорт воситаларининг йўлларда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, бекатларда кутиб қолиш ҳолатларининг олдини олиш, ёғингарчиликлардаги ноқулай ҳолатларга барҳам бериш масалалари атрофлича ўрганилиб, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича махсус техник воситалари, зарурий жиҳозлар, хизмат кўрсатиш махсус техникалари, йўловчи ташиш автоуловларининг шайлигига эътибор қаратилди. Айниқса, кўп қаватли уйлар, касалхона, болалар муассасаларида электр таъминоти ҳамда иситиш мосламаларида узилишлар бўлмаслигига, ёнғин хавфсизлигини таъминлашга эътибор қаратилди. Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, зарур топшириқлар берилди. Шунингдек, хонадонлар, боғча, мактаб, шифохоналарни иситиш билан боғлиқ ҳамда йўловчи ташиш, йўлларни ҳаракатланиш учун бехатар қилишда фавқулодда вазиятлар юзага келганида, эҳтиёт чораларини кўриш, уларни тезкор бартараф этиш масалалари белгиланди. Бу каби пойтахтимизнинг барча туманларида қиш мавсумини талофатларсиз, кўнгилдагидек ўтказиш борасидаги ишлар ўрганилиб, камчиликларни бартараф этиш, ҳамда олдини олиш бўйича зарурий чоралар кўрилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech