20 Май 2025 йил 638

Ҳайф, оталик!

Ота фарзанднинг раҳнамоси, дейишади машойихлар. Фарзандлар тарбиясида оталарнинг ўрни бўлакча. Вазмин, мулоҳазали, ориятли ва мард оталар барчага ибрат. Бироқ Мирзоҳидбек ундайлар тоифасидан эмас. Жиноий қилмишлари сабабли жаримадан ахлоқ тузатиш, озодликдан маҳрум қилиш жазоларигача тортилган, хавфли рецидивист деб топилган Мирзоҳидбекни 4 нафар фарзанднинг тақдири қизиқтирмади. Фойдали меҳнат ортидан фарзандлари олдида айбини ювиш, шаън-қимматини тиклаш ўрнига яна жиноятга қўл урди. У 2022 йилнинг 5 январида таниши Х. Раънонинг ишончига кириб, ўзини катта бир идоранинг раҳбари деб таништирди. Аёлнинг уй-жой масаласида муаммолари борлигини билгач, унга субсидия орқали уй олиб беришига ишонтирди. Ишнинг бошига 500 АҚШ долларини олиб, тез орада қўнғироқ қилишига ва кейинги ишларни маслаҳатлашиб олишга ваъда берди. Айтилган кунда ва ундан кейинги ҳафталар ва ойларда ҳам қўнғироқ қилмагач, қўнғироқларга жавоб бермагач, Раъно алданганини англади ва Учтепа туман ИИО ФМБга мурожаат қилди. Муқаддам бир неча маротаба фирибгарлик жинояти учун судланган Мирзоҳидбекнинг жиноий қилмишини фош этиш қийин кечмади. Тергов жараёнида у қарзга ботиб кетгани, жабрланувчидан олган пулларини қарзларига бериб, унга кейинроқ қайтариш ниятида бўлганлигини баён қилди. Аслида қарзи бор одам ундан қутулиш учун ҳар қандай ишга рози бўлади. Мирзоҳидбекнинг эса ишламай туриб бировнинг дўпписини бировга кийдириб қарздан қутулмоқчи бўлганлиги қизиқ.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1998 йилда туғилган, 4 нафар фарзанднинг отаси бўлмиш М.Мирзоҳидбекнинг жиноий қилмишини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Айбланувчининг қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароитларини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Ушбу жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шоҳруҳхон Раджабовнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech