Пойтахтимиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган кенг қамровли профилактик тадбирлар изчил олиб борилмоқда. Шу мақсадларга: айниқса ёшларни жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлардан асраш, гиёҳвандлик иллатидан ҳимоялаш, баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилган тарғибот ишлари олий таълим ҳамда умумтаълим даргоҳлари ўқувчи-талабалари билан учрашув, давра суҳбатлари, очиқ мулоқот тарзида ўтказиб келинмоқда.
Туманда жойлашган 246-умумтаълим мактабида “Хавфсиз ва соғлом таълим даргоҳи” шиори остида ўқувчилар билан учрашув ўтказилди. Унда туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Музаффар Саидазимов ҳамда туман прокуратураси масъуллари қатнашди. Маърузачилар “Биз гиёҳвандликка қаршимиз”, “Хавфсиз кибермакон ойлигида фаол бўлинг” мавзусиларидаги чиқишларида кибермаконда содир этилаётган жиноятлар, киберфирибгарлик, товламачилик ҳамда гиёҳвандлик воситалари савдосига ундаш, ёт ғоялар тарғиботи, уларга қарши курашиш мавзуларига эътиборни қаратди. Шунингдек, жиноят, зўравонликни тарғиб қилувчи ҳавола ва платформалардан ҳимояланиш чоралари бўйича тавсия ва йўриқлар берилди. Йиғилганлар эътиборига пойтахт ИИББ томонидан гиёҳвандлик ва унинг салбий оқибатлари ҳақида тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди.
Шу каби тадбир Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ойбек Атабаев томонидан туманда жойлашган 51-умумтаълим мактабида ҳам олиб борилди. Ўқувчилар билан учрашувда ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятларни олдини олиш, гиёҳвандлик иллатига қарши биргалашиб курашиш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди. Хусусан, бугунги кунда гиёҳвандлик моддаларининг ижтимоий тармоқлар ёрдамида кенг тарқалиб бораётгани, ўсмир ёшларни турли васвасага солувчи ваъдалар яъни, ишламай катта пул маблағлари топишга ишонтириш орқали гиёҳвандлик савдоси, тарқатилишига даъват этиш, турли ёт ғояларни тарғиб қилиш кабиларнинг мудҳиш оқибатлари далилий мисоллар ёрдамида ёритилиб, ҳар бир жиноий қилмишга қонунда белгиланган жазолар ҳақида маълумотлар берилди. Учрашув сўнгида ўқувчиларнинг қизиқтирган саволларига жавоб берилиб, ахборот буклетлари тарқатилди.
Ўқув юртларида ўтказилаётган бу каби профилактик тарғибот ишлари таълим даргоҳларини хавфсизлигини таъминлаш, ҳар бир ёшни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, билим олиш ва бахтли келажакни яратиш масканига айлантириш йўлидаги зарурий жараёндир. Ёшларимизни салбий ҳатти-ҳаракатлардан асраш, баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилган тарғибот, огоҳлик ва тушунтириш ишлари барча билим даргоҳларида давом эттирилмоқда.