“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги якунига бағишланган тунги йўриқнома ўтказилди
Тошкент шаҳар ИИББ, шаҳар прокуратураси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси, Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси раҳбарияти ва шахсий таркиби, шунингдек ходимларнинг ота-оналари ҳамда оила аъзолари иштирокида Олмазор туманида жойлашган Ислом цивилизацияси марказида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги якунига бағишланган тунги йўриқнома тадбири ўтказилди. Мазкур тадбир ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини асраш, шунингдек хизмат интизоми ва масъулиятни ошириш мақсадида ташкил этилди. Йўриқномада сўзга чиққан пойтахт ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев ўз нутқида ойлик доирасида амалга оширилган ишлар, ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар, аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик воситалари ҳамда наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлардан самарали ҳимоя қилиш борасида кўрилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг илдиз сабабларини бартараф этишга қаратилган профилактик ишлар натижалари алоҳида таъкидланди. Тадбирда, шунингдек, кириб келаётган Янги йил байрами муносабати билан пойтахтимизда ўтказилаётган оммавий маданий тадбирлар давомида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, хизмат олиб бораётган шахсий таркибнинг хушёрлиги ва масъулиятини янада ошириш зарурлиги қайд этилди. Бу борада барча тегишли тузилмалар ўзаро ҳамжиҳатликда, юқори уюшқоқлик билан фаолият олиб бориши лозимлиги таъкидланди. Тадбир якунида жиноятларни “иссиқ изидан” фош этишда фаол иштирок этган, хизмат фаолиятида намуна кўрсатаётган, ўзининг садоқати ва фидойилиги билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир қатор ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирилиб, ташаккурномалар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.