21 Май 2022 йил 1452

“Хавфсиз пойтахт” профилактик ойлиги амалда

Жорий йилнинг 15 май кунидан 15 июнь кунига қадар Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликни барвақт олдини олиш, фуқаролар тинчлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ, Миллий гвардия, шаҳар прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда “Хавфсиз пойтахт” профилактик ойлиги эълон қилинган. Ушбу ҳамкорликдаги тадбир ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 19 май куни Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 27 ёшли Элнур Г. қўлга олинди. Унинг телефонидан гиёҳвандлик моддаси беркитилган жойнинг манзили кўрсатилган файл топилди. Ушбу жойни кўздан кечириш вақтида, пакет ичига жойланган, яшил рангли ва ўткир ҳидли модда топилган. Мазкур ҳолат бўйича тўпланган хужжатлар туман тергов бўлимига топширилди.

Тезкор-қидирув тадбирлари давомида, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов органларидан яшириниб юрган 32 ёшли Aбдулла Х. ушланиб, тергов бўлимига олиб келинган.

Ўтказилган тадбирлар натижасида номаълум шахслар томонидан содир этилган 2 та жиноят фош этилди. Ушбу жиноятларни содир этган шахслар аниқланиб, қўлга олинди. Бундан ташқари, ИИББ ППХ ва Миллий гвардия ходимлари 56 ёшли Aшот A. пичоқ, 42 ёшли Мусулмонқул Х. эса “кастет” олиб юришганлигини аниқлашган. Ушбу шахслар Юнусобод тумани ИИО ФМБга олиб келиниб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-2-моддаси (Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш)га асосан маъмурий баённома тузилган.
Сутка давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жами 64 та баённомалар тузилди.
Юнусобод тумани прокуратураси ва ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан 260-умумтаълим мактабида “Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзусида учрашув ташкил этилди. Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Йўлариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида ажрим ёқасига келиб қолган фуқаро М.Р. ва А.Р.лар оиласи бўйича ўтказилган яраштириш комиссияси йиғилишида иштирок этдилар. Қарамоғида бир нафар вояга етмаган фарзанди бўлган бу оила Комиссия томонидан яраштирилди.

“Хавфсиз пойтахт” ойлигининг 5 кунида ҳуқуқбузарларга нисбатан 565 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Жиноят содир этиб, қидирувда бўлган 4 нафар шахс ушланиб, бедарак йўқолган 1 нафар шахс аниқланди.
Юнусобод тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича профилактика инспекторлари томонидан 128 нафар оила ўрганилди. Оилалар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, улар асосида 6 та ҳимоя ордери берилди.
Ҳамкорликдаги тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ 4 та жиноят “иссиқ изи”дан фош қилинди.
Пробация ходимлари томонидан рўйхатга олинган 166 нафар шахс билан ҳуқуқбузарликларнинг такрорланишини олдини олиш мақсадида профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Кўриниб турибдики, ушбу тадбир пойтахтимизда тинчлик-осойишталикни сақлашда ўз самарасини бермоқда.

 

Барча янгиликлар

Text to speech