“Хавфсиз оила” тадбирининг иккинчи босқичи якунланди
Президентимиз томонидан республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш чора тадбирлари тўғрисида қабул қилган қарорининг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Қарор ижросини самарали таъминлаш мақсадида тегишли ҳуқуқ-тартибот ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида қабул қилинган қўшма қарорларда пойтахт ҳудудида яшовчи алоҳида тоифадаги оилаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби кенг қамровли инсонпарварлик тамойиллари кўзда тутилган. Шундай мақсадли тадбирларнинг бири: Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан ўтказилаётган “Хавфсиз оила” тадбиридир. Тадбирнинг биринчи босқичига жорий йилнинг 1 майида старт берилган эди. Ушбу жараёнга 15 та низоли оила ҳамда уларнинг 25 нафар вояга етмаган фарзандлари жалб қилиниб, улар билан кенг қамровли маънавий-маданий, руҳий машғулотлар олиб борилганди. Тадбирнинг иккинчи босқичида эса 14 та низоли оилалар ва уларнинг 20 нафар вояга етмаган фарзандлари жалб қилинди. Ота-оналар ва фарзандлари билан чуқурлаштирилган психодиагностик ўрганишлар олиб борилиб, психологик портретлари шакллантирилган ҳамда индивидуал тарзда машғулотлар олиб борилди. Шу билан бирга уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар икки босқич иштирокчиларининг шаҳар телеминораси, ҳайвонот боғи, ИИББ Отлиқ отряди, Тошкент политехника музейи қошидаги роботлар кўргазмаси, Чилонзор туманида жойлашган “Magic city”, Олмазор туманидаги “Ғалаба” боғларига ташрифлари уюштирилди. Мазкур оилаларнинг яшаш шароитларини ўрганиш натижасида 2 та оиланинг уйларини таъмирлаш ва ободонлаштириш чоралари кўрилди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда оиланинг ўрни ва таъсирини инобатга олиб шаҳар бўйича “Хавфсиз оила” тадбирларини ўтказиш борасида ҳокимият ҳамкорлигида қабул қилинган қарорга асосан, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож деб топилган 1 215 та оилалар аниқланиб, бошқарма, ташкилот раҳбарлари, туманлар ҳокимликларига бириктирилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳар ва туман ички ишлар органларида “Хавфсиз оила” штаблари ташкил қилинган бўлиб, мутасадди ташкилотлар масъуллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўз вақтида аҳоли мурожаатлари, оилалар муаммолари билан ишлаш борасида телеграм гуруҳлари тузилган ҳамда 365 нафар раҳбар ва ходимлар уланган. Бу каби оилаларни жипслаштириш, тўғри ҳаётга йўллаш, фарзандлар бахтли келажагини яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаверади.