5 Феврал 2026 йил 361

Хавфсиз муҳит — устувор вазифа

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида Учтепа туманида хавфсиз муҳитни яратиш мақсадида “Пойтахт намунаси” тизими жорий этилди ҳамда туман Ички ишлар органлари фаолияти уч босқичли хизмат тартибига ўтказилди.

Учтепа туманидаги Сеул Эко боғи олдида туман ИИО ФМБнинг тунги хизматга жалб этилган шахсий таркиби учун туман ҳокими Б. Мамаджанов, туман прокурори С. Мухтаров ва туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник А. Бахрамовлар иштирокида йўриқнома ўтказилди.

Тунги йўриқнома давомида жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини сақлаш йўлида фаол иштирок этган ходимлар муносиб рағбатлантирилди.

Хусусан, жуда кўп миқдордаги заҳри қотил гиёҳвандлик воситаларининг тарқатилишини олдини олганлиги учун Учтепа туман ИИО ФМБ тезкор ходими Н. Жураевга хизматда фойдаланиш учун Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан “Дамас” автомашинаси, туман ҳокими томонидан телевизор топширилди.

Шунингдек, профилактика инспекторлари — лейтенант Ш. Мирзаев ва лейтенант А. Иброҳимовларга туман ИИО ФМБ бошлиғининг қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.

Бундан ташқари, туман ИИО ФМБ тезкор бошқарув маркази ҳайдовчисига ҳам хизматда фойдаланиш учун Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан “Дамас” автомашинаси топширилди.

Бундай эътибор ва рағбатлантиришлар ходимларнинг ўз касбига сидқидилдан ёндашишига, хизмат самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

© Учтепа тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати | Расмий канали

Барча янгиликлар

Text to speech