19 Август 2025 йил 331

Ҳар бир маҳаллага эътибор кучайтирилмоқда

Юртбошимизнинг жорий йил бошида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган қарорининг қабул қилиниши бу борада амалга оширилаётган ишлар суръатини жадаллаштирди. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш доирасида пойтахтимизнинг барча туманларида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Шундай тадбирларнинг бири Янгиҳаёт туманида жойлашган “Йўлдош” маҳалласида бўлиб ўтди. Туман ИИО ФМБ масъуллари маҳалла “еттилиги”, фаоллари билан ҳамкорликда сайёр қабуллар ўтказиб, маҳалланинг 8 ҳамда 9-мавзеларида истиқомат қилувчи фуқаролар билан учрашиб, уларнинг муаммоларига эътиборни қаратишди. Хусусан, кўп қаватли уйлар оралиғида жойлашган болаларнинг футбол майдонида юзага келган тартибсизликлар, тунги вақтдаги жамоат тартибининг бузилиш ҳоллари бўйича мурожаатлари ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Айрим фуқароларнинг ўзларига тегишли хонадонларни ижарага бериш, вақтинча рўйхатга қўйиш, оилавий муносабатлар ва бошқа кўплаб муаммоларига қонуний ечимлар кўрсатилди. Маҳаллаларнинг жойлашуви ҳамда кўплаб фуқароларнинг илтимос ва мурожаатлари инобатга олиниб, маҳалла ҳудудига икки босқичда хизмат олиб борувчи патруль-пост хизмати ходимларидан иборат пиёда нарядлари ажратилди ҳамда ушбу ҳудуд йўналишида кечаю кундуз хизмат олиб борилиши йўлга қўйилди. Бу каби маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиш, мазкур гўшаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлашга қаратилган жараёнлар пойтахтимизнинг барча туманларида амалга оширилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech