Республикамиз оммавий ахборот воситалари орқали гиёҳвандлик балоси, унинг ҳар қандай кўриниши: истеъмоли, тарқатилиши, сақланиши қонун томонидан кескин қораланиб, ижтимоий оғир оқибатлари, миллат генофондига салбий таъсири ҳақида мунтазам равишда огоҳлантирилишлар, реал маълумотлар берилади. Бу борада ички ишлар органлари ходимларининг масъуллари томонидан маҳаллалар, ўқув муассасалари, корхона-ташкилотларда тизимли равишда тушунтириш, профилактик тадбирлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқот шаклидаги учрашувлар амалга ошириб келинмоқда. Бироқ шунга қарамай, айрим фуқаролар мўмай пул топиш, ўзгаларнинг ҳаётини заҳарлаш орқали даромад олишдек ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ҳеч қандай қабиҳликдан тап тортишмаётир. Пойтахтимизнинг Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 2002 йилда туғилган Р.Дилшодбекнинг жиноий ишларига қонуний баҳо берилди. У 2024 йилнинг январь ойида ички ишлар органлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 38 дона кучли таъсир қилувчи воситаларни қонунга хилоф равишда сотишга уринганида қўлга олинган. Яшаш жойида ўтказилган тинтув вақтида яна 47 дона кучли таъсир қилувчи воситалар аниқланиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, Чилонзор туманидаги уйлардан бирининг орқа томонига яшириб қўйилган 3 дона кучли таъсир қилувчи воситалар ҳам баённома расмийлаштириб олинди. Суд Р.Дилшодбекнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим.1-моддаси 5-қисми (“Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш”) билан айбдор деб топди ва 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Б.Назимбаевнинг иш юритувидан олинди.