13 Феврал 2023 йил 843

Яккасарой туманида гиёҳванд модда сотувчилари ушланди

Яккасарой тумани ИИО ФМБ Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан аҳоли ўртасида кучли таъсир этувчи моддалар ва гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотиш ва тарқатиш билан шуғулланган шахсларни аниқлаш юзасидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир гуруҳ шахслар қўлга олинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 2 февраль куни Яккасарой туманида 49 ёшли И.К. ва 43 ёшли А.В. олдиндан келишиб, оғирлиги 0,30 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 200.000 сўмга сотмоқчи бўлишган. Ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахслар қўлга олиниб, гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинган. Уларнинг ушланиши оқибатида майда тарқатувчилардан тортиб, гиёҳванд моддаларнинг асосий етказиб берувчисигача бўлган жиноий “занжир”нинг кетма-кетлиги маълум бўлди.

Навбатдаги тезкор тадбир натижасида, умумий оғирлиги 3 грамм бўлган 6 та ўрам “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 150 АҚШ долларига сотмоқчи бўлган 57 ёшли А.И. қўлга олинди. Унинг яшаш жойида ўтказилган тинтув натижасида, ундан яна 20 та ўрамда бўлган умумий оғирлиги 10 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Олинган маълумотларга кўра, ушбу жиноий “занжир”нинг яна бир бўғини аниқланган. Маълум бўлишича, 53 ёшли Р.Ш. 5 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 150 АҚШ долларига сотмоқчи бўлганда ушланган. Бундан ташқари унинг яшаш жойида ўтказилган тинтув натижасида, умумий оғирлиги 10 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Тадбирнинг якуний босқичида асосий етказиб берувчи – 55 ёшли А.Б. қўлга олинди. Тинтув ўтказиш жараёнида ундан 30 грамм “гашиш” ва 2 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддалари топилиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний сотиш ва тарқатиш билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш бўйича тадбирлар давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech