12 Сентябр 2025 йил 459

Гиёҳвандликка қарши кураш ва “Хавфсиз кибермакон” ойлиги доирасида тарғиботлар давом этмоқда

Ижтимоий тармоқлар орқали содир этилаётган жиноятларга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан бири бу иммунитетни ҳосил қилишдир. Бунинг учун эса аввалам бор кибержиноятлар, уларнинг турлари ва содир этиш усуллари, ҳимояланиш механизмлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш лозим. Шу мақсадда Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг қуйи тизим ходимлари томонидан “Хавфсиз кибермакон” ойлиги доирасида учрашувлар, давра суҳбатлари ва бошқа турдаги тарғибот ишлари давом этмоқда.

Бу каби тадбирлар доирасида жамиятимиздаги энг салбий иллатлардан бири – гиёҳвандликка қарши курашиш чоралари ҳам олиб борилмоқда.

Куни кеча Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари Тошкент Кимё халқаро Университетида талабалар билан учрашув ўтказди. Унда мутахассислар кибермаконда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, гиёҳвандликка қарши курашишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатлари ҳақида батафсил маълумотлар беришди. Шунингдек, “Жар ёқасида” номли ҳамда киберҳужумлардан ҳимояланишни ўргатувчи видеороликлар намойиш этилиб, талабаларга ҳаётий мисоллар билан тушунтириш берилди.

Пойтахтимизда жойлашган Губкин номли нефть ва газ Россия давлат Университетининг филиалида ҳам қайд этилган мавзуларда талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ раҳбарияти ва бошқа мутахассислар иштирок этган мазкур учрашувда талабаларга керакли маълумотлар етказиб берилди. Сўнг талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.

Бу каби тадбирлар пойтахтимизнинг барча таълим муассасаларида давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech