Аҳолининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш давлат органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда ички ишлар органлари томонидан фуқаролар билан бевосита мулоқотни амалга ошириш, аҳоли эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда мурожаатларга ўз вақтида ва самарали ечим топиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 1 февраль куни Ички ишлар вазири иштирокида фуқаролар мурожаатларининг қабули ташкил этилди. Қабул жараёнида аҳолини қизиқтираётган масалалар, ҳуқуқий муаммолар ва уларни ҳал этиш механизмлари юзасидан атрофлича муҳокамалар олиб борилди.
Фуқаролар учун қулайлик яратиш, шунингдек, об-ҳаво шароити ва ҳудудий масофани инобатга олган ҳолда қабул Тошкент шаҳри аҳолиси учун бевосита, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар аҳолиси учун эса ҳудудий ички ишлар органлари биноларидан видеоконференц-алоқа орқали онлайн тарзда ташкил этилди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги тизими фаолиятига оид жами 239 та мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг асосий қисми мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, шунингдек, кадрлар билан боғлиқ масалаларга тааллуқли бўлди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 115 таси (48 фоиз) қонунчилик талаблари асосида ижобий ҳал этилди. Қолган 124 та мурожаат (52 фоиз) бўйича қўшимча ўрганиш, соҳавий идоралар билан ҳамкорликда чоралар кўриш зарурлиги сабабли улар белгиланган тартибда назоратга олиниб, масъулларга ижросини таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда ҳудудий ички ишлар бошқармалари раҳбарлари томонидан жойларда ўтказилган қабуллар давомида 661 та мурожаат қабул қилинди. Уларнинг 245 таси (37 фоиз) қабул жараёнидаёқ ижобий ҳал этилган бўлса, 416 та мурожаат (63 фоиз) белгиланган тартибда қўшимча ўрганиш ва назорат асосида кўриб чиқиш учун йўналтирилди.
Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида аҳолининг реал эҳтиёжларини аниқлаш, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларни тизимли равишда бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.
Фуқаролар билан очиқ мулоқотга асосланган мазкур тизим келгусида ҳам доимий равишда ташкил этилиб, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ва самарали ҳал этишга хизмат қилмоқда.
© Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги