Мамлакатимизда жиноятчиликка қарши кураш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган профилактик ишлар кўлами барча маҳаллалар, корхона-ташкилот, билим даргоҳларини қамраган ҳолда ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирларнинг навбатдагиси Яккасарой тумани ИИО ФМБ раҳбарияти ва бошқа масъуллар иштирокида Тошкент Менежмент ва иқтисодиёт институтида ўтказилди.
Туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, подполковник Санжар Қосимов йиғилганларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш, рўйхатсиз юрган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик масалаларига оид янги қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтирди. Шунингдек, маърузачилар “Хавфсиз кибермакон” ойлиги ва гиёҳвандликка қарши кураш тадбирлари доирасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, кибержиноятчилик ва унинг турлари, мазкур жиноятларга оид кузатилаётган ҳолатлар, уларнинг жамият, инсон, айниқса ёшлар ҳаётига салбий таъсири ҳақида сўз юритдилар.
Ижтимоий тармоқлар орқали наркотик ва психотроп моддалар истеъмолини реклама қилиш, тарқатиш, етказиш, сотишга ундовчи ҳаволалардан эҳтиёт бўлиш, уларга қарши курашиш, ҳимояланиш воситалари ҳақида муҳим тавсиялар берилди. Шу билан бирга талабалар ёшлик, талабалик даврини билим олишга, касб эгаллашга, эзгу, хайрли ишларга бағишлашга, ўз истиқболларига замин яратишга чақирилди.