8 Май 2025 йил 427

Ёшларимизни ёрқин ва соғлом ҳаётга ундаймиз

Жамиятимизнинг етакчи кучлари ёшлардир. Уларнинг билими, соғлом фикрлаши, соғлом турмуш тарзи, руҳий ва жисмоний камоли, ғайрат- шижоатига кўп нарсалар хусусан, юртимизнинг келажакдаги қиёфаси боғлиқ. Бироқ ташқи ва ички салбий таъсир кучлари ёшлардан ўз жиноий ва ғараз мақсадларида фойдаланишдан тап тортишмаяпти. Куни кеча пойтахтнинг Олмазор туманидаги қатор университет ва институтларида “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилган учрашув, давра суҳбатлари ёшларни гиёҳвандлик балосидан асраш, интернет тармоқларида бериб борилаётган ноқонуний диний таълимотлар, кибертаҳдид ва кибержиноятлардан ҳимояланиш, унга қарши иммунитетни шакллантириш масалаларига қаратилди. Туман ИИО ФМБ раҳбарияти, ҳокимликнинг мутасаддилари, маҳалла еттилиги, маҳалла фаоллари ҳамкорлигида ўтган учрашув, давра суҳбатлари туманда жойлашган Тошкент Фармацевтика институти, Тошкент Давлат тиббиёт, Турин политехника университетларининг маъмурияти, тьюторлари ҳамда талаба ёшларини қамради. Унда маъруза қилган туман ИИО ФМБ бошлиғи Маҳкам Вафоев ёшлар ўртасида гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш ҳамда у билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, унинг аянчли ва мудҳиш оқибатлари ҳақида маълумотлар бериш билан бирга маҳаллаларда содир этилган гиёҳванд моддалари айланмаси, фирибгарлик, товламачилик ва тан жароҳати етказиш жиноятларининг муҳокамасини ҳам ўртага ташлади. Юз марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши деганларидек, учрашувда айбдорларнинг ўз қилмишлари тафсилоти ва пушаймонлигини ўз тилларидан изҳор этган видеолавҳаларнинг жонли намойиш этилиши йиғилганларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг ўз таассуротлари, мулоҳазалари билан бўлишиш, фикрларини баён қилиш фаоллигини оширди, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Шунингдек, ойлик доирасида ёшлар ўртасида гиёҳвандлик моддаларининг айланмасига чек қўйиш, ёшларни заҳри-қотил исканжасидан асраш муаммоларига бағишланган очиқ мулоқот тарзида уюштирилган учрашув Ўзбекистон Миллий университети талабалари иштирокида ҳам бўлиб ўтди. Учрашувда талабалар олдида маъруза қилган туман ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи нафақат наркотик моддаларининг инсониятга солаётган хавфи, бутун-бутун мамлакатларни инқирозга етаклаётган таҳдидлар, кибермаконда бўлаётган фирибгарликлар ҳақида ҳам огоҳлантирди. Ўз сўзининг тасдиғи сифатида содир этилган гиёҳвандлик ва киберфирибгарликлар тафсилотларини мисоллар тариқасида келтирди. Мулоқот қизғин мунозаралар тарзида ўтиб, якунида ёшларни қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech